Кўрсатилмаган ҳамда “кўрсатилмаган” хизмат юзасидан эътирозлар
Аҳолини суюлтирилган угледоров гази билан таъминлаш ишлари Ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан тасдиқланган тартиб-қоидалар асосида амалга оширилиб, ушбу жараёнда, албатта, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига амал қилиниши талаб этилади. Шу сабабли ҳам истеъмолчилардан Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига бу борадаги турли масалалар юзасидан мурожаатлар бўлиб туради.
Қува туман “Гулобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи В.С. Федерация ишонч телефонига мурожаат қилиб, хонадонида невараси сўнгги марта маиший газ баллони олган вақтида техник хизмат кўрсатиш учун деб ундан қўшимча 35 000 сўм пул олишганлигини, лекин ҳеч қандай хизмат кўрсатилмаганлигини маълум қилиб, ушбу масалага ойдинлик киритиб берилишини сўраган. Амалдаги қонунчиликка кўра, ижрочи кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Ушбу масала туман газ идораси масъуллари билан ўрганилиши жараёнида истеъмолчининг шикоятида келтирилган важлар ўринли эканлиги маълум бўлиб, ўрганиш якунлари билан кўрсатилмаган хизмат учун олинган пул маблағи истеъмолчига тўлиқ қайтарилди.
Яна бир ҳолат. Қўқон шаҳар “Арзиктепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи К.Х.нинг автомобилларга суюлтирилган газ ёқилғисини қуйиш шохобчасида унинг маиший газ баллонига газ тўлдириб бермаганликлари, яъни хизмат кўрсатилмагани ҳолати юзасидан Федерация ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди. Аввало шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 189-бандига кўра, сотувчи (хизмат кўрсатувчи) томонидан истеъмолчига асоссиз равишда хизматлар кўрсатмаслик савдо қоидаларининг бузилиши деб эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноий кодексига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилган. Лекин ўрганишда “Avg`onbog” МЧЖ ёқилғи қуйиш шохобчаси масъуллари томонидан улар лицензияси бўйича автомобилларга ёқилғи қуйиш фаолиятини амалга оширишлари, аҳоли қўлидаги маиший газ баллонларига хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун шохобчада тегишли рухсатнома ёки лицензия мавжуд эмаслиги маълум қилиниб, истеъмолчига бу йўналишда “хизмат кўрсатилмаган”лигининг қонуний сабаблари кўрсатиб ўтилган. Ўрганиш доирасида ушбу ҳолат инобатга олиниб, бу ҳақда истеъмолчига тушунтиришлар берилган ва жавоб хати юборилган.
Ахмаджон Тухтабоев,
Муҳаммаджон Ўлмасов,
Қува туман ва Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари.
Post Comment