Таълим ва тиббиёт муассасаларида тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда
Федерациянинг Фарғона вилоятидаги тизим ташкилотлари томонидан таълим ва тиббиёт муассасаларида турли мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Улардан кўзланган асосий мақсад амалдаги қонунчилик мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишдан иборатдир.
Марғилон шаҳри
Шаҳардаги 38-давлат мактабгача таълим ташкилотида “Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг истеъмолчилик ҳуқуқлари” мавзусида тадбир ташкилланиб, унда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли хабарлар ва реклама материаллари, фейклар, интернетдаги фирибгарлик, медиасаводхон бўлиш, онлайн платформалар орқали савдо амалиётларини ҳамда турли мобил иловалар орқали тўловларни амалга оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, мазкур йўналишда истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда амалга оширилиши лозим бўлган саъй-ҳаракатлар каби масалаларда тушунтиришилар бериб ўтилди.
Тошлоқ тумани
Тумандаги 4-давлат мактабгача таълим ташкилотида ташкилланган тадбир “Мен – ёш истеъмолчиман” мавзусида бўлиб ўтиб, унинг доирасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асослари, истеъмолчи ҳуқуқлари, хизмат кўрсатувчиларнинг мажбуриятлари, барчанинг, хусусан боғча тарбияланувчиларининг ҳам истеъмолчилиги, уларнинг сифатли таълим олишлари ва соғлом овқатланишлари учун яратилиши лозим бўлган шарт-шароитлар, бу борада олиб бориладиган жамоатчилик назорати тадбирлари хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Дангара тумани
Тумандаги 31-оилавий поликлиникада ўтказилган тарғибот тадбирида мамлакатимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати фаолияти, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг истеъмолчилик соҳасига оид ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳам ахборотлар бериб ўтилиб, иштирокчиларга истеъмолчи сифатида ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда давлат идоралари, шунингдек Федерацияга мурожаат қилиш йўл-йўриқлари юзасидан ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди.
Тадбирлар доирасида тизим ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатлар, уларни ўрганиб чиқилиши ва ҳал қилиниши натижалари юзасидан мисоллар тарзида ахборотлар бериб ўтилиб, иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.
Post Comment