Сифатли озиқ-овқат маҳсулоти қайтариб олинмайди, аммо …
Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳеч қандай нуқсони бўлмаган ва зарур сифатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари сотилгандан сўнг харидордан қайтариб олинмайди. Олди-сотди жараёнидаги шартнома шартларида ушбу ҳолат назарда тутилиши, яъни харидорга сотиб олинган маҳсулотнинг қандайдир истеъмол хусусиятлари (таъми, ҳиди ва б.) ёқмаганлиги важи билан қайтариши мумкинлиги айтилган (шартномада ёзма баён қилинган), қайтариб олишнинг шартлари келишилган ҳолатлар бундан мустаснодир, албатта. Шундан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчилар бундай товарларни харид қилишда эътиборли бўлишлари талаб қилинади.
Лекин тадбиркорларимиз орасида харидорнинг молиявий ҳолати, оилавий шароитини ҳисобга олган ҳолда, шартномада келишилмаган бўлсада, юзага келган ҳолатдан келиб чиқиб, амалий ёрдамларини бериб келаётганлари ҳам йўқ эмас. Учкўприк туманилик истеъмолчи М.Р.нинг фарзанди учун 409 800 сўмга харид қилган, ҳар бири 600 гр дан бўлган, 2 қути “Nutrilak” болалар қуруқ сут аралашмасидан бирини очиб, тегишли тартибда таом тайёрлаб фарзандига берганида бола таомни ҳазм қилолмай қайт қилганлиги, маҳсулотларни тўлиғича савдо дўконига қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерация ишонч телефонига қилинган мурожаатни ўрганиш жараёнида дуч келинган ҳолат шулардан биридир.
Туманда фаолият олиб бораётган “Asmo” супермаркети масъуллари билан мазкур ҳолат юзасидан музокаралар олиб борилганида, улар харидорга амалий ёрдамларини кўрсатиш мақсадида, очилмаган (истеъмол қилинмаган) 2-қутини харидордан қайтариб олиб, истеъмолчига унинг учун тўланган 204 900 сўм пулни қайтариб бериш таклифини билдирдилар. Бу таклиф истеъмолчи томонига ҳам маъқул тушди. Икки томон келишуви билан муаммо ҳам бартараф қилинди.
Сардор Мирзажонов,
туман жамияти раиси.
Post Comment