Бизнеснинг ривожи ҳар бир истеъмолчи эътирозига қулоқ тутиш ва ундан тўғри хулоса чиқариш билан бўлади
Бозор иқтисодиёти ривожланган давлатларда истеъмолчиларга турли хизматларни кўрсатувчи корхона, ташкилот ва идоралар ҳар бир мижоз билан қайта алоқа ўрнатган ва уларнинг ўзлари томонидан кўрсатилаётган хизматларнинг сифати юзасидан билдираётган фикр-мулоҳаза, таклифлари, қилаётган эътирозларига жиддий эътибор қаратган ҳолда иш олиб борадилар. Улар ўз фаолият (бизнес)ларининг самарали давом этиши мижоз (харидор)га боғлиқлигини, улар томонидан кўрсатилаётган хизмат (ишлаб чиқарилаётган маҳсулот)ни ҳеч ким сотиб олмаса бизнес ҳам касодга юз тутишини жуда яхши биладилар. Шундан “Мижоз – доим ҳақ” деган ибора келиб чиққан.
Федерация тизимларига келиб тушаётган мурожаатлар ичида истеъмолчи қайсидир ташкилотнинг хизматлари учун тўловни амалга оширгани, лекин хизмат кўрсатиш бошланмаётгани ёки сифати талаб даражасида эмаслиги ёхуд мазкур хизмат юзасидан ўзи томонидан билдирилган эътирозга қулоқ тутишмаётгани каби масалаларда мурожаатлар бўлиб турибди. Ёзёвон туманида истиқомат қилувчи Т.И.нинг “Uzonline” интернет тизимида фаолият олиб борувчи Wi-Fi роутерни яхши ишламаётгани борасида Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ҳам шулар жумласидандир.
Ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчининг хизмат кўрсатувчи колл-марказига қилган мурожаати асосида хонадонга мутахассис ташриф буюрган бўлсада, роутернинг ишлаш сифатида ўзгариш бўлмаган. Масалага туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аралашгач, роутер янгисига алмаштирилиб, хонадонни интернет билан таъминлаш сифати яхшиланган.
Хулоса ўрнида:
Ҳар бир хизмат кўрсатувчи ташкилот ўз мижоз (харидор)ларининг кўрсатилаётган хизматлар борасидаги фикр-мулоҳаза, таклиф ва эътирозлари билан ҳисоблашмас экан, истеъмолчиларини рақобат курашларида ўз рақибларига бой бериб қўйишлари мумкинлигини, бу эса ташкилотнинг узоқ муддатга мўлжалланган режаларини йўққа чиқариши ҳам мумкинлигини унутмасликлари керак.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
Post Comment