Таъминотчилар аҳолига суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш муддатларига амал қиляптиларми?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги 646-сон қарори билан тасдиқланган “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тартиби тўғрисида низом”нинг 4-бандига кўра, “Газ таъминоти ташкилотлари истеъмолчилар билан биргаликда битта истеъмолчи учун камида бир ойда битта маиший газ баллони (20 кг) етказиб бериш ҳамда технологик йўқотишларнинг табиий камайишини ҳисобга олган ҳолда жорий йил 1 июлгача келгуси йил учун суюлтирилган углеводород газини истеъмол қилишнинг прогнозлаштириладиган ҳажмини аниқлайди.” Бундан келиб чиқилса, ҳар бир истеъмолчи (абонент) ҳар ойда бир маротаба 20 кг ҳажмдаги суюлтирилган углеводород гази баллони билан таъминланиши керак. Лекин амалиётдачи?
Қўштепа туманида яшовчи истеъмолчи Т.Ж. ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллага охирги маротаба суюлтирилган углеводород гази етказиб берилганига 2 ойдан ошиқ вақт бўлганлигидан норози бўлиб Федерация телеграм боти орқали мурожаат йўллаган. Мурожаат ўрганилиб, истеъмолчиларга суюлтирилган углевород гази етказиб берилиши таъминланган бўлсада, бу биргина мисол эмаслигини, суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш муддатлари (графиги)га амал қилинмаслиги ҳолатлари бошқа ҳудудларда ҳам мавжудлиги ва бу борада Федерация тизим ташкилотларига тез-тез мурожаатлар бўлиб турганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиздир.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, газ таъминоти ташкилотларидан, айниқса қишнинг ҳозирги совуқ кунларида, аҳолини белгиланган норма ва муддатларда суюлтирилган углевород гази билан таъминлаш, Ҳукуматимиз қарорлари билан истеъмолчилар ва ижтимоий соҳа объектлари учун яратиб берилган самарали тизим ва ҳуқуқий асосларнинг ҳаётга қатъий татбиқ этилиши чора-тадбирларини кўрилишини сўраб қоламиз.
Зафарбек Мавлонов,
жамият мутахассиси



Post Comment