Нуқсонли товарни алмаштирилиши натижасида келиб чиққан ортиқча сумма истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди
Агар истеъмолчи томонидан харид қилинган товарда нуқсон аниқланса, бундай товар истеъмолчининг талаби билан худди шундай товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб берилиши шарт. Сотувчи томонидан ушбу муддатларга амал қилмаслик у истеъмолчига алмаштирилган товарни бериши билан бир вақтда товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашига сабаб бўлади. Агар Бағдод туманида кузатилган ҳолатда сотувчи қонунчиликнинг юқоридаги нормаси талабларига амал қилмаганида иш неустойка (пеня) ундириш даражасигача бориб етиши мумкин эди.
Истеъмолчи Т.Ж. туман марказидаги “Ишонч” кредит савдо дўконидан Rosso русумли, 43 дюм экранли бўлган телевизорни қийматини бўлиб тўлаш шартларида 4 083 625 сўмга харид қилади. Телевизор уйга келтириб ишга туширилганда унинг бошқарув пулти бошқа русумдаги телевизорники бўлиб чиққан. Савдо дўконига ушбу ҳолатни бартараф қилиб бериш борасида қилган мурожаати наижа беравермагач туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қонуний ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида сотувчи томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг, сотувда бошқа худди шу русумдаги телевизор бўлмаганлиги сабабли, истеъмолчининг розилиги билан нуқсонли товарни бошқа маркали шундай товарга алмаштириб бериб, харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилишга келишиб олинди. Ўрганиш якуни билан, қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, нуқсонли товар бошқа маркали худди шундай товарга алмаштирилиши натижасида келиб чиққан 2 125 951 сўм ортиқча сумма истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Дилоромхон Мирзаева,
жамият мутахассиси.



Post Comment