Кўрсатилмаган хизмат учун олинган ҳақ истеъмолчига қайтарилди

Кўрсатилмаган хизмат учун олинган ҳақ истеъмолчига қайтарилди

Амалдаги қонунчиликка кўра, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас. Бундай ҳолатга йўл қўйилган тақдирда олинган ҳақ истеъмолчига қайтарилиши лозим. Қува туманида шундай ҳолатлардан бири кузатилган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилган шу туманда яшовчи С.Б. хонадонига суюлтирилган газ баллони етказиб берилиши жараёнида кўрсатилмаган хизмат учун ҳам ҳақ олинганлигини маълум қилиб, ушбу ҳолатни ўрганиб чиқилишини сўраган.

Ҳолат туман газ идораси мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўрганилганда, идоранинг техник хизмат кўрсатиш бўлими қисқартирилиши муносабати билан хусусийлаштирилиб, МЧЖ шаклидаги ташкилотга айлантирилганлиги, ушбу ташкилот томонидан суюлтирилган углеводород гази билан таъминланувчи туман аҳолисига йилда бир маротаба техник хизмат кўрсатилиб, белгиланган тарифлар асосида ҳақ олиниши, ташкилот томонидан амалга оширилаётган фаолият қонуний асосларга эга бўлсада, мурожаат эгаси С.Б.нинг набирасига суюлтирилган газ баллони бериш вақтида хонадон газ тармоғига техник хизмат кўрсатилмасдан ҳақ олинганлиги маълум бўлди.

Ўрганиш якунлари билан, қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчига кўрсатилмаган хизмат учун олинган пул суммаси қайтарилиб, мурожаат ижобий ҳал қилинди. Ўрганиш давомида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари тарғиботи олиб борилди.

Адхамжон Хамидов,
жамият раиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin