Онлайн савдо жараёнида эътиборли бўлайлик

Онлайн савдо жараёнида эътиборли бўлайлик

Қонунчиликда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига шартнома тузилгунига қадар давлат тилида ёки тарафларнинг келишувига кўра бошқа тилда тақдим қилиниши шарт бўлган энг муҳим маълумотлар жумласига, сотувчининг (ижрочининг) номи, унинг манзили ва шикоятларни қабул қилиш тартиби киради. Сабаби эртага истеъмолчида товар юзасидан бирор эътироз бўлганда у кимга ва қаерга мурожаат қилишни билиши лозим.

Лекин аксарият ҳолларда аҳолимиз вакиллари (истеъмолчилар) товарга онлайн буюртма бериш жараёнида ушбу ҳолатларни бироз эсдан чиқариб қўймоқдалар. Оқибатда товар билан боғлиқ муаммолар юзага келганида “Мен товарни инстаграмдаги профилида кўриб буюртма қилгандим”, “Мен сотувчини рақамини билмайман, лекин телеграмдаги группасида ёзишмадан сўнг пул ўтказиб берганман”, “Ўзимни эътирозларимни билдиришни бошлаганимдан сўнг мени блоклаб қўйди, энди унга боғлана олмаяпман” қабилидаги шикоятлар келиб чиқмоқда.

Фарғона туманилик А.В. инстаграм ижтимоий тармоғида кўрган планшет рекламасига қизиқиш билдириб, унга буюртма бермоқчи бўлганида ҳавола уни “Узум насия” онлайн савдо платформасига бошлаб келган. Мазкур платформа орқали илгари ҳам турли товарларга буюртма бериб юрган истеъмолчи ўзи ёқтирган планшетни фарзандига олиб бериш мақсадида 800 000 сўмга насияни расмийлаштирган. Буюртма етиб келгач, уни олиб келган етказиб берувчи шахс олдида планшетни очиб ишлатиб кўрмоқчи бўлганида, у ишламаган. Етказиб берувчи шахс унинг олдида кимгадир қўнғироқ қилиб, ишламаган планшетни қайтариб олиб кетганидан сўнг ўтган вақт ичида унинг банк картасидан икки марта 266 000 сўмдан пул маблағи ечиб олинган.

Истеъмолчининг мазкур масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Фарғона туман ички ишлар бўлимига қилган мурожаати, масаланинг тегишлилиги бўйича, туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида истеъмолчининг пластик картасидан ечиб олинган пул маблағларини тўлиғича унинг банк картасига қайтарилишига эришилди.

Хулоса қилиб айтганда, онлайн савдода шошма-шошарликка йўл қўймасдан, сотувчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни олдиндан текшириш, шартнома шартларини диққат билан ўқиш ва тўловни фақат ишончли платформалар орқали амалга ошириш ҳар бир истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги энг муҳим қадамидир. Эътибор ва ҳуқуқий билим эса келгусида турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Камолиддин Шокиржонов,
жамият мутахассиси.

Post Comment