Кўрсатилмаган хизмат – нореал қарздорликлар

Кўрсатилмаган хизмат – нореал қарздорликлар

Амалдаги қонунчиликда, албатта, истеъмолчига хизмат кўрсатмасдан ҳақ ундирилиши ҳолатига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Агар бундай ҳолатга йўл қўйилган ва истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилган Учкўприк туманилик Х.М. ўзлари яшайдиган ҳудуддаги хонадонлардан 3 ойдан буён чиқиндилар олиб кетилмаётган бўлсада тўловлар олдиндан ундирилаётганидан норози бўлиб мурожаат қолдирган.

Ўрганишда мурожаат эгаси истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини ва “Агро Риштон таъмир сервис” МЧЖ ўртасида 2023 йилда аҳолидан тўловларни ундиришга асос бўлиб хизмат қилувчи оммавий шартнома имзоланганлиги, шу асосларда хизмат кўрсатиб келинаётганлиги, бироқ маҳалланинг истеъмолчи ва унинг қўшнилари истиқомат қиладиган 8 та хонадонга 2025 йилнинг октябр-декабр ҳамда жорий йилнинг январ ойида хизматлар кўрсатилмаганлиги қайд қилинди. Ўрганиш ишлари доирасида 884 000 сўм маблағ мазкур 8 та хонадонда яшовчи абонентлар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.

Фарғона туманилик М.А.нинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига берган мурожаатига кўра эса, ундан ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан тўлаб қўйилиши талаб қилинаётган 465 000 сўм миқдорида қарздорлик асоссиз бўлиб, унинг томонидан ушбу тўловлардан қарздорликка йўл қўйилмаган.

Мурожаат ичимлик суви таъминоти корхонаси масъуллари ҳамкорлигида ўрганилиши давомида истеъмолчи томонидан келтирилган важларнинг асослик эканлиги, унда истеъмол қилинган ичимлик суви тўловларидан қарздорлик мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Қарздорликнинг келиб чиқишига хонадондаги сув ҳисоблагич кўрсаткичларини Биллинг базасига 2025 йилнинг август ойидан буён киритилмасдан қолиши сабаб бўлганлиги қайд қилинди.

Юқорида келтирилган ҳолатлар хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоб интизоми ва шаффофликни таъминлаш, истеъмолчи манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш нақадар муҳим эканини яққол кўрсатади. Кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ ундириш қонун талабларига зид бўлиб, бундай ҳолатлар ўз вақтида аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклашга хизмат қилади. Шу боис, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъулиятини ошириш, истеъмолчилар эса ўз ҳуқуқларига бефарқ бўлмасдан, қонун доирасида мурожаат қилиш амалиётини кучайтириш бу каби нореал қарздорликларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Сардор Мирзажонов,
Шукурали Ибрагимов,
жамият раислари.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin