Кафолат муддати: истеъмолчи ҳуқуқлари ва фойдаланиш қоидалари ўртасидаги мувозанат

Кафолат муддати: истеъмолчи ҳуқуқлари ва фойдаланиш қоидалари ўртасидаги мувозанат

Амалдаги қонунчиликка кўра, кафолат муддати деганда товардан (хизматдан) фойдаланишнинг норматив муддати ёки товар (хизмат)нинг муайян вазифани бажариш вақти тарзида белгиланган муддати тушунилиб, бу муддат ичида ишлаб чиқарувчи (ижрочи), башарти товарни ишлатиш (хизматдан фойдаланиш) қоидаларига риоя этилган бўлса, товарнинг (хизматнинг) сифатига нисбатан норматив ҳужжатларда назарда тутилган талаблар бажарилишини кафолатлайди ва таъминлайди. Демак, истеъмолчидан кафолат муддати бўйича ўзига берилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан тўлақонли фойдалана олиши учун товарни ишлатиш (хизматдан фойдаланиш) қоидаларига риоя этган бўлиши талаб этилади.

Айниқса узоқ муддат фойдаланиладиган маиший техника буюмларини харид қилгач, улардан фойдаланишни бошлаш ва фойдаланиш жараёнларида мазкур техника жихозидан тўғри ва самарали фойдаланиш бўйича ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган шартларга эътиборли бўлиш керак. Мисол тариқасида, совутгич (холодилник) ва музлатгич (морозилник)ларни олайлик. Мутахассисларга кўра, совутгичгичлар совуқ ҳароратда тўғри ишламаслиги ёки ишлашдан тўхташи ҳам мумкин. Аксарият бу каби маиший техника буюмлари +5 C +10 C дан паст бўлмаган ҳароратларда ишлаш учун мўлжалланган. Агар мазкур техника буюми сақланадиган хонада ҳарорат белгиланганидан паст бўлса, компрессордаги мой қуюқлашиши, фреоннинг айланиши бузилиши ва термостат двигателни ишга туширишни тўхтатиши каби ҳолатлар кузатилади.

Худди шундай ҳолатлардан бири Фарғона туманилик Х.Х.нинг у томонидан харид қилинган “Immer” русумли совутгичнинг носозлиги юзасидан Федерация 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаатини ўрганилиши давомида кузатилди. Мурожаатни Федерациянинг Фарғона туман жамияти мутахассислари томонидан мазкур русумдаги маиший техника буюмларига сервис хизматларини кўрсатувчи сервис маркази усталарини жалб қилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилганда, совутгич ўрнатилган хонада ҳароратнинг ўта пастлиги оқибатида унинг ишлашида нуқсонлар кузатилгани маълум бўлди. Совутгич ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган ҳароратдан паст бўлмаган хонага олиб кирилганда унинг ишлашидаги носозликлар кузатилмаган.
Шундай экан, кафолат муддати истеъмолчи учун қонуний ҳимоя воситаси бўлса-да, ундан тўлақонли фойдаланиш аввало товардан ишлаб чиқарувчи белгилаган қоидаларга амал қилишга боғлиқдир. Айниқса маиший техника воситаларидан нотўғри шароитда фойдаланиш нафақат техник носозликларга, балки кафолат ҳуқуқларининг чекланишига ҳам олиб келиши мумкин, шу боис ҳар бир истеъмолчи ўз ҳуқуқи билан бирга масъулиятини ҳам унутмаслиги лозим.

Камолиддин Шокиржонов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin