Ёзёвонда туман жамияти аралашуви билан муаммолар ҳал этиб борилмоқда

Ёзёвонда туман жамияти аралашуви билан муаммолар ҳал этиб борилмоқда

Ёзёвон туманида яшовчи М.И. жорий йилнинг 5-феврал кунида “Наврўз” маҳалласида жойлашган “Пайнет” шохобчаси орқали “Агробанк” АТБ туман филиалидан олинган кредит учун график асосида 845 000 сўм тўловни амалга оширган. Бироқ кейинчалик банк муассасасидан мазкур тўлов суммаси банкнинг тегишли ҳисоб рақамига келиб тушмаганлиги маълум қилинган. Масалани шохобча эгаси Н.Қ. билан музокаралар ҳамда “Пайнет” колл-марказига қўнғироқ қилиш йўллари орқали ҳал қила олмаган истеъмолчи мазкур масалада амалий ёрдам сўраб Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Туман жамияти масъуллари томонидан колл-марказ билан боғланилиб олиб борилган музокаралар давомида тўлов суммасини ўз вақтида келиб тушмаганлигига сабаб бўлган муаммо бартараф қилиниб, тўлов суммасини тегишли ҳисоб рақамига йўналтирилиши таъминланди.

Шу туманда исиқомат қилувчи А.А. томонидан берилган мурожаатда эса 10-феврал кунида унинг хонадонига ташриф буюрган газ таъминоти идораси ходимлари томонидан газ ҳисоблагич ускунаси хонадонда газдан ноқонуний фойдаланиш важи билан ечиб олиб кетилганлиги, мазкур масалани ўрганиб чиқилиб ижобий ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилиши масаласи кўтарилган эди. Истеъмолчининг таъкидлашича, ўтган йилнинг ёз ойларида унинг мурожаати асосида газ идораси масъуллари томонидан хонадондаги газ ҳисоблагичнинг қувватлагичи (батарейкаси)ни алмаштириб бериш учун ҳисоблагич муҳри бузилган, лекин қувватлагич алмаштирилгач, уни қайта муҳрлаб бериш ишлари пайсалга солиб келинган.

Масалага туман жамияти аралашуви билан, газ идора ўтказган ўрганишда хонадонда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати тасдиқланмаганлиги маълум қилиниб, ҳисоблагич ускунаси хонадонга келтирилди ҳамда мутахассислар томонидан томонидан ўз ўрнига қайтадан ўрнатилди ва хонадондаги газ таъминоти тиклаб берилди.

Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin