Бир саволга бир жавоб #7

Бир саволга бир жавоб #7

Бу галги саволимиз харидорнинг нуқсонли товарини таъмирлаш даврида унга худди шундай товарни вақтинча фойдаланиб туриш учун текин бериб туриш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган товарлар ҳақида бўлади.

Савол:

Қонунга кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган товарда нуқсонлар бўлса, уни таъмирлаб бериш давомида истеъмолчига фойдаланиб туриш айни шундай товар бериб турилиши керак экан. Бу ҳолат ҳамма товарлар учун ҳам татбиқ қилинадими?

Жавоб:

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига асосан, узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарда нуқсонлар бўлса, уни таъмирлашга кетадиган вақтда фойдаланиб туриш учун истеъмолчининг талабига биноан нуқсонли товар қайтариб берилганидан кейин уч кун ичида унга айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар бериб турилиши белгилаб қўйилган. Мазкур талаблар татбиқ этилмайдиган узоқ муддат давомида фойдаланиладиган товарлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 13 февраль кунидаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”нинг 2-иловасида, “Харидорнинг таъмирлаш даврида унга текин бериб туриш ёки худди шундай марка (модель, артикул)даги товарни алмаштириш тўғрисидаги талаби татбиқ этилмайдиган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар рўйхати” келтирилган бўлиб, ушбу рўйхатга қуйидаги товарлар киритилган:

  • Автомобиллар, мотоцикллар ва мототехниканинг бошқа турлари, уларга тиркамалар ва номерли агрегатлар (ногиронлар фойдаланиши учун мўлжалланган товарлар, сайр қилиш қайиқлари ва сузиш воситаларидан ташқари);
  • Мебель;
  • Пардоз буюмлари сифатида ва тиббий мақсадларда фойдаланиладиган маиший электр приборлари (электрбритвалар, электрофенлар, сочни жингалак қилиш учун электрқисқичлар, тиббий электр рефлекторлар, электр грелкалар, электр бинтлар, электр пледлар, электр одеяллар);
  • Маҳсулотларни термик қайта ишлаш ва овқат тайёрлаш учун фойдаланиладиган маиший электр приборлари (маиший СВЧ печлари, электрпечлар, тостерлар, электр сув қайнатгичлар, электрчайниклар, электриситгичлар ва бошқа товарлар).

Демак мазкур рўйхатга киритилган турдаги товарини нусонлари сабаб сервис устахонасига топширган истеъмолчига таъмирлаш даврида фойдаланиб туриш учун худди шундай товар бериб турилмайди, ушбу рўйхатдан ташқари қолган узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар сервис устахоналарига топширилганда фойдаланиб туриш учун ўрнига худди шундай товар бериб турилиши керак.

Саволга ЎИҲҲҚЖ Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси мутахассиси Ш.Касимова жавоб берди.

Post Comment