Истеъмолчи ҳуқуқлари — устувор йўналиш: жойларда тарғибот тадбирлари давом этмоқда
Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, уларни амалдаги қонунчилик билан таништириш ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари изчил равишда олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Фарғона вилоятидаги тизим ташкилотлари томонидан ҳудудлардаги турли корхона, ташкилот ва муассасаларда аҳоли ва ишчи-ходимлар иштирокида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Ушбу тадбирлар тегишли равишда Федерациянинг Қувасой, Риштон ва Бешариқ туман жамиятлари томонидан ташкилланиб, уларнинг доирасида:
Қувасой шаҳар жамияти мутахассислари томонидан 21-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида;
Риштон туман жамияти мутахассислари томонидан 44-сон оилавий поликлиникада;
Бешариқ туман жамияти мутахассислари томонидан 23-сон умумтаълим мактабида ишчи-ходимлар билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилди.
Тадбирлар давомида иштирокчиларга истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалдаги қонунчилик, хусусан, товар ва хизматлар сифати, шартномавий муносабатлар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда мурожаат қилиш тартиби ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, мулоқотлар давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан ҳуқуқий асосланган жавоблар қайтарилиб, амалиётда учраётган муаммолар юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бундай тарғибот тадбирлари аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш, истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини яхши англаши ва ҳимоя қила олиш кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса ўз навбатида, бозор муносабатларида адолатлилик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.



Post Comment