Истеъмолчи мурожаати асосида хизмат кўрсатишдаги камчиликлар бартараф этилди

Истеъмолчи мурожаати асосида хизмат кўрсатишдаги камчиликлар бартараф этилди

Бешариқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро С. М.нинг маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаганлиги ҳолатидан норозилиги юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали қабул қилб олинган мурожаати тегишли тартибда ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, истеъмолчи истиқмат қиладиган кўчада жойлашган хонадонларда маиший чиқиндиларни олиб кетиш ишлари белгиланган график асосида мунтазам бажарилмаган. Хусусан, 2026 йил март ойининг сўнгги ўн кунлиги ҳамда апрел ойи бошларида хизмат кўрсатишда узилишлар юзага келган. Бу эса аҳоли ўртасида норозилик келтириб чиқарган ва чиқиндилар тўпланиб қолишига сабаб бўлган.

Масала жойига чиқиб ўрганилганда, хизмат кўрсатувчи ташкилот — “Farg‘ona Maxsus Trans” МЧЖ Бешариқ туман филиали томонидан белгиланган графикка риоя этилмагани тасдиқланди. Асосий сабаб сифатида чиқиндиларни ташишга жалб этилган транспорт воситаси ҳайдовчисининг ишдан кетиши ва янги ҳайдовчини жалб этиш жараёни маълум вақт талаб қилгани кўрсатилди.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, хусусан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, хизмат кўрсатиш шартлари бузилган тақдирда истеъмолчи етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз бажарилган ҳолларда тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш мажбурияти юзага келади.

Ўрганиш натижаларига кўра, мазкур ҳудуддаги 22 та хонадонда тўпланиб қолган маиший чиқиндилар тўлиқ олиб кетилиши таъминланди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатилмаган кунлар учун аҳолига ҳисобланган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилиниши белгиланди. Апрел ойи якунига қадар ушбу қайта ҳисоб-китоб ишларини амалга ошириш ва келгусида хизматларни график асосида барқарор йўлга қўйиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, мутасадди ташкилотга келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолига сифатли ва ўз вақтида хизмат кўрсатишни таъминлаш, ҳамда шартнома мажбуриятларига қатъий риоя этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Post Comment