Нуқсонли чиққан газ плитаси бўйича мурожаат ижобий ҳал этилди
Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи фуқаро М. Х. томонидан харид қилинган маиший техника – газ плитаси билан боғлиқ муаммо юзасидан мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаат Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 ишонч телефони орқали қабул қилиниб, белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишда маълум бўлишича, истеъмолчи “FRAST-TRADE-SENTER” МЧЖдан 3 384 000 сўмга FERRE русумли газ плитасини харид қилган. Бироқ маҳсулотдан фойдаланиш жараёнида қисқа вақт ичида унинг горелка қисмида носозликлар аниқланган. Сервис хизмати томонидан дастлаб таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса-да, муаммо қайта такрорланган ва фуқаро томонидан маҳсулотни алмаштириш талаби билан мурожаат қилинган.
Ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан сотувчи корхона масъуллари билан учрашилиб, амалдаги қонунчилик нормалари, хусусан “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-16-моддалари мазмуни тушунтирилди. Ушбу моддаларга мувофиқ, истеъмолчи нуқсонли товарни алмаштириш, бепул таъмирлатиш ёки етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Олиб борилган ўрганиш ва музокаралар натижасида сотувчи ташкилот томонидан далолатнома расмийлаштирилиб, фуқаронинг талаби қаноатлантирилди. Хусусан, нуқсонли газ плитаси истеъмолчининг хоҳишига кўра янги, соз ҳолатдаги маҳсулотга алмаштириб берилди.
Шу билан бирга, мурожаатчига ўз ҳуқуқлари, жумладан, қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилиш имконияти ҳақида ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.



Post Comment