Пули қайтарилмаган буюртма

Пули қайтарилмаган буюртма

Замонавий рақамли хизматлар ҳаётимизни енгиллаштираётган бўлса-да, айрим ҳолларда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. Қўштепа туманида яшовчи фуқаро Р. А. билан боғлиқ ҳолат ҳам шулар жумласидандир.

Фуқаро 2026 йил 21 апрел куни ишонч телефони орқали мурожаат қилиб, Yandex иловаси орқали овқат буюртма қилганини, аммо промокод киритилмагани сабабли буюртмани бекор қилганини маълум қилган. Шунга қарамасдан, унинг ҳисобидан маблағ ечиб олинган ва қайтариб берилмаган.

Мурожаат Қўштепа туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан атрофлича ўрганилди. Ўрганиш жараёнида тўлов ҳақиқатда ечиб олингани, бироқ хизмат тўлиқ амалга оширилмагани ҳолда маблағ ўз вақтида қайтарилмагани аниқланди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи буюртмани бекор қилган тақдирда, агар хизмат кўрсатилмаган бўлса, у томонидан тўланган маблағ қайтарилиши шарт. Мазкур талаблардан келиб чиқиб, масъул ташкилотлар билан олиб борилган иш натижасида фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Якунда, истеъмолчининг ҳисобидан ечиб олинган маблағ тўлиқ қайтарилиб берилди ва унинг қонуний манфаатлари тикланди.

Post Comment