Амалиётчилар учун ҳуқуқий билимлар: истеъмолчи мурожаатлари билан ишлаш тартиби ўргатилди

Амалиётчилар учун ҳуқуқий билимлар: истеъмолчи мурожаатлари билан ишлаш тартиби ўргатилди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасида амалиёт ўтаётган Фарғона давлат университети талабаларига Федерация тизим ташкилотларида истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш тартиб қоидалари яқиндан таништирилди.

Ҳудудий бирлашма Ҳуқуқий ҳимоя шўъбаси бошлиғи Фахриддин Бойназаров амалиётчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти, аҳоли вакилларининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни билан белгилаб берилган ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда ўз ҳуқуқларини мустақил, давлат ва нодавлат ташкилотлари, судлар ёрдамида ҳимоя қилиш йўл-йўриқлари, тизим ташкилотларига аҳоли (истеъмолчилар)дан мурожаатларни қабул қилиб олиш учун яратилган имкониятлар, тизим ходимлари томонидан мурожаатларни ўрганиш усуллари юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтиб, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарди.

Ҳудудий бирлашма Ҳуқуқий ҳимоя мутахассиси Шаҳло Касимова мурожаатларнинг шакллари, истеъмол соҳасига оид масалаларда давлат ва нодавлат ташкилотларида ташкилланган ишонч телефон рақамлари, электрон мурожаат юборишнинг қулайликлари, Федерация тизим ташкилотларида мурожаатларни қабул қилиб қилиш олиш, расмийлаштириш, ҳудудий тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) жамиятларига етказиш, уларни ўрганиб чиқиш муддатлари, ўрганиш якунлари бўйича ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш, фуқарога жавоб хати юбориш каби масалаларда тушунтиришлар берди ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан тайёрланадиган ҳужжатлар тўплами намуналари билан таништирди.

Мазкур амалий машғулотлар талабаларга назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги иш жараёнларини яқиндан англаш имконини берди. Айниқса, мурожаатлар билан ишлашнинг босқичма-босқич тартиби, ҳужжатлар билан ишлаш кўникмалари ҳамда фуқаролар билан мулоқот маданияти бўйича олинган билимлар келгусида уларнинг малакали мутахассис сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, бундай учрашув ва амалий дарслар ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими учун етук ва билимли кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

Ёқубжонова Мадина,
Абдусаломова Сарвиноз,
ФарДУ Филология факултети 23.90-гуруҳи талабалари.

Post Comment