Эшик ва ром буюртмаси бўйича истеъмолчининг мурожаати ўрганилди

Эшик ва ром буюртмаси бўйича истеъмолчининг мурожаати ўрганилди

Уй-жой таъмири ёки қурилишида эшик ва ромларни буюртма асосида тайёрлатишда маҳсулотнинг сифати, белгиланган ўлчамларга мувофиқлиги ва келишилган муддатда етказиб берилиши муҳим аҳамиятга эга. Буюртмачи маблағни олдиндан тўлаган бўлса, хизмат кўрсатувчи томон ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажариши лозим.

Ёзёвон тумани Қатортол МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Т.Ў. эшик ва ром тайёрлаш бўйича буюртмаси юзасидан туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Истеъмолчига кўра, фуқаро 2026 йил 29 август куни 2 та эшик ва 3 та ром буюртма қилиб, улар учун 4 миллион 950 минг сўм маблағни тўлиқ тўлаган. Буюртма 3 кун ичида тайёрланиши келишилган бўлса-да, белгиланган муддатда маҳсулотлар тайёр бўлмаган. Шунингдек, буюртмачи тайёрланаётган эшик ва ромларнинг сифати ҳамда келишилган талабларга мувофиқлиги юзасидан эътироз билдирган.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида туман жамияти мутахассислари томонидан хизмат кўрсатувчи устахона ва буюртмачи ўртасидаги масалага ҳуқуқий тушунтириш берилди. Ўрганиш натижасида устахона томонидан эшик ва ромларни келишилган ўлчамларда қайта тайёрлаш, белгиланган муддатда етказиб бериш ва ўрнатиш мажбурияти олинди. Расмий жавоб хатида буюртмачи талабига мувофиқ 2 та эшик ва 3 та ромни 2 иш куни ичида тайёрлаб, ўрнатиб бериш белгилангани маълум қилинди.

Мазкур ҳолат истеъмолчиларга муҳим эслатма: буюртма асосида хизмат кўрсатишда келишувни ёзма шаклда расмийлаштириш, тўлов ҳужжатларини сақлаш, маҳсулотнинг ўлчами, сифати ва тайёр бўлиш муддатини аниқ белгилаш зарур. Агар хизмат кўрсатувчи ўз мажбуриятини бажармаса, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин.

Post Comment