Кафолат муддатида ишдан чиққан музлатгичнинг носозлиги бартараф этилди
Харид қилинган маиший техника воситасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиш истеъмолчининг қонуний ҳуқуқларидан биридир. Айниқса, кафолат муддати давомида маҳсулотда носозлик юзага келса, сотувчи ёки сервис хизмати томонидан муаммони белгиланган тартибда бартараф этиш муҳим.
Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи фуқаро И. У. кафолат муддати давомида носоз бўлиб қолган «Ziffler» русумли музлатгичи бўйича Федерациянинг Telegram-боти орқали мурожаат қилди. Мурожаатда музлатгич бир йил давомида ишлатилгани, совитиш тизими яхши ишламаётгани ва шу сабабли унда саыланаётган маҳсулотлар бузилиб қолаётгани билдирилган. Фуқаро музлатгични сервис хизмати орқали таъмирлаб беришда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан «DARIAN ELEKTRONIK» МЧЖ раҳбарига расмий сўровнома юборилди. Корхона тақдим этган жавобда музлатгич ички текширувдан ўтказилгани, аниқланган носозликлар амалдаги қонунчилик ҳамда компаниянинг ички тартиб-қоидалари асосида бартараф этилгани маълум қилинди.
Истеъмолчиларга шу каби ҳолатларга дуч келганда, маиший техника харид қилинганда берилган кафолат талони, чек ва бошқа ҳужжатларни сақлаш, кафолат муддатида носозлик юзага келса, аввало сотувчи ёки сервис хизматига ёзма равишда мурожаат қилиш зарурлигини эслатиб ўтамиз. Муаммо ҳал этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларидан амалий ёрдам сўрашингиз мумкин.



Post Comment