Етти ўлчаб бир кес

Етти ўлчаб бир кес

Кунлар совий бошлагач, ўз-ўзидан инсонларни қалин кийим-бош сотиб олишга эҳтиёжи ортади. Нозимахон ҳам иссиқроқ пальто сотиб олиш мақсадида бозор томон йўл олди. Бозордаги пальтоларнинг нарх-навосини кўриб эс-ҳушидан айрилаёзди. Шунда бирга борган синглиси унга пальтолик мато олиб тикувчига тиктиришни ва бу билан анча пулни тежаб қолиши мумкинлигини маслаҳат берди.

Синглисининг маслаҳатига кўра пальто учун қалин мато сотиб олди ва шу куннинг ўзидаёқ маҳалла гузаридаги тикувчи аёлга уни ўзи айтган фасонда тикиб беришини буюртма қилди. Тикувчи унга кетадиган қўшимча безакларни ҳам олиб беришини айтди. У безакларни ва тикиш учун кетадиган ипни ҳам олиб келиб, 3 кун муддат ичида тикиб беришини илтимос қилди ва тикувчи рози бўлди. Орадан 3 кун, 5 кун ўтди ҳамки, пальто битавермади. Нозиманинг қистови билан 1 хафта деганда пальто битди. Бироқ уни кийиб кўрганида, озгина тор ва ўлчанилганидан анча калта тикилганлиги маълум бўлди. Тикувчига бундай кийимни кия олмаслигини айтганида, тикувчи уни қайтиб олмаслигини ва ҳатто тикиб берганлиги учун унга 75 000 сўм “тикиш пули”ни қўшиб бериши шартлигини айтди. Хуллас тикувчи ва буюртмачи келиша олишмади.
Шундан сўнг истеъмолчи Бағдод туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти хизмат телефонига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтириб, ушбу масалани ҳал этилишида амалий ёрдам беришларини сўради.
Мурожаат жамият ходимлари ҳамда тегишли ташкилот мутахассислари иштирокида ўрганилганида, истеъмолчининг эътирозлари ўринли эканлиги маълум бўлди. Тикувчи М.Жўраевага “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси талаблари атрофлича тушунтирилди ва истеъмолчига мато учун кетган 250 000 сўм, безаклари учун 25 000 сўм, жами 275 000 сўм маблағини қайтарилишига эришилди.

Марғубахон ОЛТИБОЕВА
Бағдод тумани ИҲҲҚЖ матбуот
ва ахборот мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin