Уч ойлик оворагарчиликлар барҳам топди
Марғилон шаҳар Зуҳро маҳалласида яшовчи фуқаро А.Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг веб сайтига қилган электрон мурожаатида шаҳарда жойлашган Ойгул савдо мажмуаси ичидаги “777” телефон устахонасига FLO IQ 4504 русумли уяли телефони дисплейини таъмирлатиш учун топширганлиги, лекин телефон таъмирлаб берилгандан сўнг унинг экранида доғ пайдо бўлиб қолганлиги, бу ҳақда устага мурожаат қилса “Ҳозир эҳтиёт қисм йўқ, кейинроқ таъмирлаб бераман”, деб ишни пайсалга солиб келаётганлигидан шикоят қилган.
Мурожаатни ўрганиш давомида, юқоридаги сабаб билан истеъмолчининг мурожаатлари уч ойдан буён қаноатлантирилмасдан келаётганлиги маълум бўлди. Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, ижрочи ишни бажариш давомида жиддий нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи нуқсонлар бепул бартараф этилишини, бажарилган иш баҳоси нуқсонларга мутаносиб равишда камайтирилишини, худди шундай сифатли шу хилдаги материалдан бошқа буюм бепул тайёрлаб берилишини ёхуд ишнинг такроран бажарилишини ёинки шартнома бекор қилиниб, кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган. Истеъмолчи юқоридаги ҳуқуқларга кафолат муддати давомида, кафолат муддати бўлмаган тақдирда эса, иш қабул қилиб олинган кундан эътиборан олти ой давомида эга бўлади. Бажарилган ишдаги нуқсонлар эса, агар шартномада бирмунча қисқароқ муддат белгиланмаган бўлса, истеъмолчи талаб қилган кундан эътиборан йигирма кун ичида ижрочи томонидан бартараф этилиши лозим.
Ўрганиш ишлари давомида устахона бош устаси саъй-ҳаракатлари билан зарурий эҳтиёт қисм топиб келиниб, телефонга ўрнатиб берилди. У истеъмолчидан келтирилган ноқулайлик учун узр сўраб, барча сарф ҳаражатлар устахона томонидан қопланишини билдирди.
“Мен 07.12.2019 йил кунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг веб сайтига телефон устахонаси усталарининг сифатсиз хизматларидан норози бўлиб шикоят қилган эдим. Шикоятим юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Марғилон шаҳар жамияти ижро этувчи аппарати ходимлари ўрганув ишлари ўтказиб, менинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларимни тикланишида амалий ёрдам бердилар. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентига хамда Федерация тизимида фаолият юритаётган барча ходимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман”, дейди истеъмолчи Марғилон шаҳар жамиятига берган миинатдорчилик хатида.
Баходирхон Усмонов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти бош мутахассиси
Post Comment