Мутахассиснинг беш йил олдин йўл қўйган хатоси фуқарога қимматга тушиши мумкин эди
Мурожаат
Учкўприк тумани Гумбаз қишлоғида яшовчи фуқаро Д. Ю. туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилди. Аризада жумладан шундай дейилган эди:
“Аризамнинг қисқача мазмуни шундан иборатки, номимга расмийлаштирилган …64-рақамли абонент рақамига Учкўприк туман электр таъминоти корхонаси (ЭТК) ходимлари томонидан 31.01.2015 йилда туманнинг Катта Қашқар қишлоғида яшовчи фуқаро М.О. номига тузилган …17-сонли далолатнома киритилган ва менга нисбатан 1 340 500 (бир миллион уч юз қирқ минг беш юз) сўм жарима ҳисобланган экан. Ушбу муаммони бартараф этиш юзасидан туман ЭТК ва МИБ туман бўлимига ариза билан мурожаат қилдим, лекин мурожаатим ҳал бўлмаяпти.
Сиздан менинг абонент рақамимга нотўғри киритилган далолатномани ва ҳисобланган 1 340 500 сўм жаримани чиқариб ташланишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман”.
Ўрганиш
Истеъмолчининг мурожаати туман ЭТК, МИБ ва жамиятимиз мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунлари асосида ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида ҳақиқатан ҳам 31.01.2015 йилда туман ЭТК ходимлари томонидан Катта Қашқар қишлоғида яшовчи М.О. номига “Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик тўғрисида”ги …17-сонли далолатнома расмийлаштирилганлиги, унинг асосида 1 340 500 сўм зарар ҳисобланиб, ушбу далолатнома ЭТК ходими томонидан йўл қўйилган техник хатолик туфайли Д. Ю.нинг абонент рақамига киритилганлиги маълум бўлди.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш натижалари бўйича тўпланган барча ҳужжатлар тўплами “Фарғона ҲЭТК” АЖга юборилди.
Сўнгсўз ўрнида
Истеъмолчи бу кунга қадар ҳам мазкур нотўғри киритилган қарздорликни бартараф қилиш юзасидан ўз эътирозлари билан туман ЭТКга мурожаат қилган бўлсада, унга (масалан, 2018 йил 20 апрелдаги жавоб хати) ҳақиқатан ҳам абонент рақамига адашмовчилик туфайли нотўғри қарздорлик ҳисобланганлиги, МИБ туман бўлимига ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берилганлиги ҳақида жавоб хати юбориш билан чекланилган. Амалда эса истеъмолчига ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатилмаган.
Хўш, хизмат кўрсатувчи корхона томонидан ўз ходими йўл қўйган хатолик бундан икки йил олдин тан олинган экан, нега бу иш охирига етказилмасдан қолиб кетган. Соҳа мутахассислари қачон ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошади? Қачонгача фуқаролар бу соҳада сарсон-саргардон бўлишади? Саволлар кўп. Жавоб эса…
Наргизахон ШЕРАЛИЕВА
Учкўприк тумани ИҲҲҚ жамияти матбуот ва ахборот мутахассиси
Post Comment