Ўз ҳуқуқларимизни тўғри англаб олишимиз, ўзгаларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳурмат қилишимиз лозим
Бувайда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Федерация Устави билан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ҳудуддаги корхона, ташкилот, идора ва муассасалар ишчи ходимлари ўртасида турли маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиб бормоқда.
– Ўтган йили туманимиздаги 70 га яқин корхона ва ташкилотларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бу каби тадбирларни ўтказгандик, – дейди Бувайда туман жамияти раиси Асроржон Йигиталиев. – Жорий йилда ҳам бу ишларни тизимли асосда давом эттирмоқдамиз. Мақсадимиз ҳар бир истеъмолчи ўз ҳақ-ҳуқуқларини тўғри англаб олиши баробарида ўзгаларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларига ҳурмат билан ёндошишига эришиш. Шунда жамиятимиздаги айрим муаммоларни келиб чиқишини олди олинади, айримлари эса буткул бартараф этилади.
Бувайда туман жамияти томонидан ўтган йилда истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, 11 247810 (ўн бир миллион икки юз қирқ етти минг саккиз юз ўн) сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган. Мазкур мурожаатлар ва уларни ўрганиб чиқилишига доир ҳужжатлар билан танишар эканман, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганлиги, мурожаатларнинг айримларида сотувчи (хизмат кўрсатувчи)ларнинг ўз мажбуриятларини ўз вақтида ва лозим даражада бажармаганликлари ортидан истеъмолчининг қимматли вақтини исроф қилиниши, тикланмас асаб толаларининг узилиши, айримларимиз учун арзимас бўлиб кўринган масалани ҳал қила олмасдан идорама-идора сарсон бўлганликлари кўз олдимдан бирма-бир ўтди. Лекин мурожаатлар ва уларни ўрганиб чиқилиши бўйича тўпланган ҳужжатлар йиғмажилдини кўриб чиқиш давомида мени эътиборимни ўзига тортган ва ранжитган яна бир нарса бу юқоридаги ҳолатларнинг келиб чиқишига одамларимизда ҳам бироз айб борлиги, яъни истеъмолчилик соҳасига оид қонунчиликдан яхши хабардор эмасликлари ва ўзларининг ҳуқуқларини тўғри талаб қила олмаганликлари сабаб бўлаётганлиги бўлди. Демак, ҳали аҳоли ўртасида кўп ишлашимиз керак, қонунчилик тарғиботида янги-янги усуллардан ва технологиялардан фойдаланишимиз лозим.
Шу ўринда туман жамияти томонидан ўрганиб чиқилиб, истеъмолчининг муаммоси ҳал этиб берилган битта мурожаатга эътиборингиз қаратмоқчиман. Бувайда туманида яшовчи фуқаро И. Содиқов туман марказида жойлашган савдо дўконидан А-40 маркали уяли алоқа телефонини истеъмол кредити шартларида, яъни пулини бир йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олади. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай уяли алоқа воситаси носоз ҳолатга келиб қолади. Истеъмолчи сотиб олган алоқа воситасини сотувчига олиб келиб созлаб беришини сўрайди. Сотувчи эса қўлига сервис маркази манзилини бериб, хушмуомалалик билан унга чиқиш эшигини кўрсатиб қўяди. Сервис маркази усталари эса эшикларини тақиллатиб келган истеъмолчига телефонни соз ҳолатга келиши учун бир ой муддат талаб қилинишини айтиб, “Яхши кунларингизда ҳам келиб туринг”, – қабилидаги сўзлар билан кўча эшигигача кузатиб қўядилар. Сотувчи-ю хизмат кўрсатувчиларнинг бири-биридан ширин муомалаларидан сархуш истеъмолчи уйга сим қоқиб: “Бугун бир ош дамланглар!”, – дейишга оғиз жуфтлайди-ю, қўлидаги бузуқ телефонга кўзи тушиб фикридан қайтади.
Шу жойга келганда амалдаги қонунчилик талаблари бўйича истеъмолчи қандай ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириши лозим эди, қандай қилса тўғри йўл тутган ва муаммосини қонуний ечимига эришган бўлар эди, деган савол туғилиши табиий ҳол.
Агар истеъмолчига сотилган товарда нуқсонлар юзага чиқса, истеъмолчи товар айнан шу ердан сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (касса ёки товар чеки, товар паспорти ёки бошқа)ни илова қилган ҳолда ўз эътирозларини сотувчига билдиради. Сотувчи эса, агар истеъмолчи товарни алмаштириш талабини қўйса, уни етти кунлик муддат ичида алмаштириш, агар истеъмолчи кафолатли таъмирлатиш талабини қўйса уни йигирма кун ичида таъмирлатиш чораларини кўради. Шунингдек, истеъмолчининг талаби билан товар нуқсонларини бартараф этиш даврида фойдаланиб туриш учун истеъмолчига худди шу маркадаги товарни бериб туради.
Агар истеъмолчи тўғридан-тўғри сервис марказига, яъни ишлаб чиқарувчининг вакили ҳузурига келса, сервис маркази ўн кунлик муддатда товардаги нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўриши керак бўлади.
Юқоридаги ҳар икки ҳолатда ҳам белгиланган муддатларни ўтказиб юборилиши, ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун сотувчи (хизмат кўрсатувчи, ишлаб чиқарувчи) томонидан товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўланишига олиб келади.
Мурожаатни ўрганиш давомида истеъмолчига юқоридаги ҳолатлар тушунтирилган. Сотувчига эса амалдаги қонунчилик бўйича мажбуриятлари уқтирилган. Ўрганиш натижалари ва истеъмолчининг танловига кўра, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) истеъмолчининг товардаги нуқсонларни бартараф этиш тўғрисидаги талабини бажармаганлиги учун уларга нисбатан амалдаги қонуннинг 16-моддасига асосан шартномани бекор қилиниши талаби қўйилган. Нуқсонли товар сотувчига, товар учун тўланган пул суммаси эса истеъмолчига қайтарилган. Қонуннинг 20-моддаси бўйича ўзига етказилган моддий зиён қоплаб берилган истеъмолчига мазкур қонуннинг 22-моддаси бўйича сотувчидан маънавий зарар ҳам ундириб олиши мумкинлиги ва бунинг учун масалани судга олиб чиқиш лозимлиги тушунтирилган. Лекин истеъмолчи шартномани бекор қилиниб, етказилган моддий зиён қопланишидан қониқиш ҳосил қилганлигини билдирган.
Бугунги кунда туман жамияти томонидан истеъмолчилардан кундалик турмуш фаолиятига тааллуқли бўлган турли туман масалаларда келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал қилиб бериш йўналишидаги ишлар тизимли асосда давом эттирилмоқда. Мен эса истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатлар ва уларни ўрганиб чиқиш давомида тўпланган ҳужжатлар жамланмасини ёпар эканман, инсонларнинг оғирини енгил қилиш, уларни қийнаб турган муаммоларни ҳал қилиб бериш каби хайрли ишларни олиб борадиган шундай ташкилотда иш бошлаётганимдан кўнглим равшан тортиб, ўзимча ғурурланиб ҳам қўйдим.
Мирзохид Нуралиев
Бувайда тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment