Инсон хотираси муқаддасдир
Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва унинг таркибидаги туман (шаҳар) жамиятларида ҳар йили 12 май куни ҳудудий бирлашманинг биринчи раиси, Фарғона вилоятида истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатини йўлга қўйишда катта хизматлари синган инсон Асқарали Акбаралиевич Рахмоналиевнинг порлоқ хотирасини ёдга олиш анъанага айланган. Асқарали Акбаралиевич агар ҳаёт бўлганларида табаррук 62 ёшни қаршилаган бўлардилар. Анъанадан чекинмаган ҳолда, у кишини яна бир бор ёдга олиб ўтсак.
Асқарали Акбаралиевич 1958 йилнинг 12 май санасида Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида туғилиб вояга етди. Ўрта мактаб, сўнгра 1980 йилда Фарғона Давлат педагогика институтини тамомлаб, Қувасой шаҳридаги 13-ўрта мактабда ўқитувчилик қилди.
1982 йилдан Рахмоналиев номли давлат хўжалигига ишга ўтган Асқарали Акбаралиевич бу ерда бригада бошлиғи, бўлим бошқарувчиси, директор ўринбосари лавозимларида меҳнат қилди. Бу орада Тошкент Қишлоқ хўжалик институтида ҳам сиртдан ўқишини давом эттирди.
Унинг меҳнатсеварлиги, меҳнатда эришаётган ютуқлари раҳбарлар назарига тушиб, 1992 йилдан Қувасой шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига ишга ўтказилди. 1994 йили Қувасой шаҳар ҳокими этиб тайинланди. 6 йил давомида шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида тинимсиз меҳнат қилди. Шу билан биргаликда, Фарғона Давлат университети ҳуқуқшунослик факультетида ўқишни ҳам давом эттирди. Унинг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан қадрланиб, 1999 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
2000 йилдан бошлаб у меҳнат фаолиятини вилоят ташкилотларида давом эттирди. 2000-2001 йилларда вилоят Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар Палатаси раиси, 2002-2003 йилларда “COSCOM” Ўзбек–Америка қўшма корхонасининг водий бўйича директори, 2003 йилдан то умрининг охирига қадар Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси раиси лавозимларида ишлади.
Бироқ 2010 йилда бевақт ўлим уни орамиздан олиб кетди. Лекин истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатининг Фарғона мактабига асос солган устозимиз Асқарали Акбаралиевичнинг порлоқ хотираси яқинлари, дўстлари, сафдошлари ва шогирдлари қалбида яшайверади.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment