Тушунмовчилик бартараф этилди
– Мурожаат қилишимдан мақсад, менинг уйимда Samsung компаниясининг музлатгичи бор эди. Бу музлатгич бир ҳафта олдин ишламай қолди. Бу масалада кейин Фарғона вилоят Самсунг сервисига мурожаат қилдим, усталар келиб музлатгичимни платасини олиб кетишди, – дейди М.Тухтаева Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига қилган мурожаатида. – Янгисига буюртма бериб қўйдик, келса олиб келиб берамиз дейишди. Тўловини қачон бажарай десам, улар буюртмангиз келганида тўлайсиз дейишган эди. Кейин ҳар куни хабар олиб турдим, улар кутиб туринг келиб қолади дейишди. Ўзимнинг устамни чақириб текширтирсам, уста менга музлатгич платасини қайтариб олинг сизда туриши керак у деганига, сервисдан қайтариб олдим. Ҳозирда сервисга қўнғироқ қилиб сўрасам, улар менга буюртма берилмаган ҳали, тўловни бажарсангиз буюртма қилинади дейишаяпти. Кейин бошқа қўнғироқларимга жавоб беришмаяпти (Истеъмолчи мурожаатидан сўзма-сўз олинди).
Мурожаатни тегишлилиги бўйича Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиши жараёнида қуйидагилар маълум бўлди:
Музлатгич 3 йиллик кафолат муддати билан 2015 йилда сотиб олинган. Айни вақтда товарнинг кафолат муддати ўтиб бўлган.
Самсунг сервис маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари К.Богорусланцевнинг маълум қилишича, истеъмолчи 2020 йилнинг май ойининг иккинчи ўн кунлигида ўзининг фойдаланувида бўлган музлатгични ишламай қолганлиги юзасидан марказга мурожаат қилган. Истеъмолчининг хонадонига борган марказ усталари музлатгич платаси куйганлигини, уни алмаштириш кераклигини, музлатгичга белгиланган кафолат муддати ўтганлиги боис эҳтиёт қисм пулли асосларда қўйиб берилишини айтганлар. Истеъмолчи бунга розилик билдирган. Шундан сўнг плата марказга олиб келиниб, Тошкент шаҳридаги бош офисга янги эҳтиёт қисм масаласида мурожаат қилинган. Лекин ҳозирги кунда мамлакатимизда давом этаётган карантин тадбирлари сабаб эҳтиёт қисмни Тошкент шаҳридан етиб келиши бироз кечиккан.
Истеъмолчининг мурожатини ўрганиш давомида музлатгичга янги плата ўрнатилди. Марказ томонидан истеъмолчига етказилган ноқулайлик ва ўртада келиб чиққан тушунмовчиликни бартараф қилиш мақсадида 3 ой кафиллик билан ўрнатиладиган эҳтиёт қисмга бир йиллик кафиллик белгиланиб, музлатгич соз ҳолатга келтириб берилди.
Аъзамхон Махаммадиев
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment