Кўп йиллик муаммо ечим топди
Коронавирус пандемияси дунё бўйича жуда кўп соҳалар олдига кундалик фаолиятларини давом эттиришлари учун ўз иш услубларини жиддий кўриб чиқишларини шарт қилиб қўйди. Жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг айрим соҳалари, ҳаттоки фаолиятларини маълум вақт тўхтатиб туришга ҳам мажбур бўлдилар. Лекин таълим соҳаси шарт-шароитлардан тўғри хулосаларни чиқарган ҳамда жаҳоннинг ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан унумли фойдаланган ҳолда, юзага келган ҳолатдан чиқиб кета олди, десак муболаға бўлмайди. Ўқувчиларга онлайн тарзда таълим бериш йўлга қўйилиб, ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилди, шунингдек улар билан ахборот-коммуникация тармоқларининг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳолда икки томонлама алоқа ўрнатилди. Ҳозир сизлар билан бу қанчалик ўзини оқлади ёки оқламади, деган масалани эмас, масаланинг бошқа бир жиҳатини муҳокама қилмоқчимиз.
Модомики, ўқувчиларга дарслар онлайн тизимида узатилар экан, бу нарса улардан белгиланган вақт ва маконда “онлайн” бўлишни ёки соддароқ қилиб айтганда телевизор қаршисида ҳозир бўлишни талаб қилади. Лекин шу пайтда тармоқда электр энергияси бўлмасачи? Бағдод тумани Қирқволида қишлоғида истиқомат қилувчи Ш.Азизов ва З.Мирзаакбаровларнинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатлари айнан ана шу масалада бўлганди.
Туман жамияти ходимлари томонидан келиб тушган мурожаат бўйича соҳа мутахассислари жалб қилиниб, жойида ўрганишлар ўтказилди. Мурожаат эгалари хонадонларига хизмат кўрсатувчи трансформатор нимстанцияси (ТП) кўздан кечирилганда, унда кўп маротаба таъмирлаш ишлари ўтказилганлиги билиниб турарди. Аҳолининг айтишига қараганда, улар бир неча марта мазкур ТПни ҳашар йўли билан ҳам таъмирлатган эканлар. Бир иккита уяли алоқа компанияларининг антенналари ҳам ана шу линиядан қувват олиши эса, ҳудудда муайян вақтларда алоқа сифатининг талаб даражасида бўлишига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмаган, албатта.
Мурожаатни ўрганиб чиқиш давомида, туман электр таъминоти корхонаси ва туман истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиш жамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида Қирқволида қишлоғи умумий қиймати 6 500 000 (олти миллион беш юз минг) сўм бўлган, янги ТП-63 кВА русумли ток тақсимлагич билан таъминланишига эришилди.
Ҳудуд аҳолиси кўп йиллик муаммони бартараф этилганидан мамнун ҳолда туман жамияти ва бошқа масъул идоралар вакилларига ўз миннатдорчиликларини изхор қилдилар.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment