Молиявий таъсир чораси қўлланилиши бўйича огоҳлантириш иш берди
Бағдод тумани Қуйқа қишлоғида яшовчи фуқаро Қ. А. нинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя жамиятига мурожаати ўрганиб чиқилди. Мурожаатда у хонадонига кириш қисмига ўрнатиш учун Чўринди қишлоғида яшовчи ҳунарманд уста Э. Ф. га темир дарвозага буюртма берганлиги ва буюртма қийматини тўлиқ, яъни 6 800 000 (олти миллион саккиз юз минг) сўм нақд пулда олдиндан тўлаб ҳам қўйганлигини, лекин шунга қарамасдан уста томонидан буюртма бўйича ишлар бажарилмасдан келаётганлигини билдирган.
– Ўзим тирикчилик сабаб Тошкент шаҳрида ишдаман. Пулини тўлаб қўйган бўлсамда, уста хонадоним кириш қисмига ҳалигача дарвозани ўрнатиб бермаганлиги, оиламнинг хавфсизлиги учун доимий хавотирда қолишимга сабаб бўлаяпти, – дейди у мурожаатида. – Шу сабабли мазкур мурожаатимни тез муддатларда ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатсангиз.
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, ижрочи шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши шарт. Агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақли. Шунингдек, иш бажаришни бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчига ҳар бир кечиктирилган кун учун иш ёки буюртма қийматини бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлайди.
Устага қонуннинг мазкур талаблари, шунингдек ишни бажаришни кечиктириш кунига буюртма қийматининг бир фоизи, яъни 68 000 (олтмиш саккиз минг) сўмдан неустойка (пеня) ҳисобланишига ва унинг томонидан ишни топшириш жараёнида истеъмолчига тўлаб берилишига сабаб бўлиши тушунтирилгач, у буюртма бўйича ишни охирига етказишга зудлик билан киришиб, дарвозани белгиланган жойга ўрнатиб қўйди.
Ҳурматли тадбиркор ва ишбилармонлар, унутманг! Истеъмолчиларга товарлар сотиш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш жараёнида шартнома шартларига амал қилмаслик, ундаги мажбуриятларни тўлиқ ёки умуман адо этмаслик, ишларни бажаришни пайсалга солиш ва бошқа шу каби ҳолатлар амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларга асосан, истеъмолчи томонидан Сизга нисбатан неустойка (пеня)ларни қўлланилишига ва бунинг натижасида муайян маблағни ютқазиб қўйишингизга олиб келади. Қонунлардан яхши хабардор бўлган, ҳуқуқий билимли истеъмолчи эса бу борада Сизни анчагина қийнаб қўйиши турган гап.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment