Қайтимга танга пул берилса, харидор уни йўқотиб қўйиши мумкин эмиш!?

Қайтимга танга пул берилса, харидор уни йўқотиб қўйиши мумкин эмиш!?

Ҳаётимизда учраб турадиган, унчалик ҳам эътиборимизни тортмайдиган, кичкинагина нарсалар вақти келиб катта афсусларга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар биримиз истеъмолчи сифатида кундалик эҳтиёжимиз учун турли маҳсулотлар харид қиламиз ёки хизматлардан фойдаланамиз. Харидимиз давомида бизга тегишли бўлган қайтим пулларимиз ўрнига турли маҳсулотлар, яъни савдо дўконлари, метан қуйиш шаҳобчалари томондан сақич, гугурт, қанд ва бошқа маҳсулотлар, дорихоналарда эса қайтим эвазига доналаб кесиб берилаётган дори воситаларига дуч келамиз. Балки ушбу ҳолат ҳақиқатдан эьтиборимизни тортмас ёки унинг қиймати кўпчиликни ўйлантирмас, лекин унутмайлик у бизни ҳаққимиз. Айнан шу масала бугунги кунда кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмасининг савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида олди-сотди амалга оширилгач истеъмолчиларга қайтим берилиши билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиқиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик фикрини ўрганиш йўли билан таҳлилий ўрганиш ишлари ўтказилмоқда.

Бу борада Бағдод туманида ўтказилаётган ўрганишларда, аксарият ҳолларда қайтим учун майда пул етишмаётганлиги ёки умуман йўқлиги тўғрисида фикрлар билдирилмоқда. Ўрганишлар доирасида Бағдод шаҳарчасида жойлашган хусусий дорихоналар, савдо шаҳобчаларида қайтим ўрнига қўшимча маҳсулот берилаётганлиги ҳолатлари ҳам кузатилди, Қирқволида қишлоғида фаолият юритаётган «Шаффоф» автомобилларга метан қуйиш шаҳобчаси кассасида қайтим учун танга пуллар билан биргаликда бир уюм сақичлар қўйиб қўйилганлигига гувоҳ бўлинди. Бу ерда ижтимоий сўровнома ўтказиш жараёнида истеъмолчиларнинг аксарияти қайтим учун танга пул ўрнига сақич олаётганлиги кузатилди. Баъзи истеъмолчилар ва шаҳобча оператори билан бу борада суҳбатлашганимизда, уларнинг танга пулларни чўнтакдан тушиб қолиши мумкинлиги тўғрисидаги фикрлари бизни ажабалантирмасдан қолмади.

Ҳозирда туман жамияти томонидан юқоридаги барча ҳолатлар бўйича тегишли тартибда маълумотнома тўлдирилиб, ўрганиш ишлари якуни бўйича мутасадди ташкилотларга таклифлар тайёрланмоқда.

Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin