Истеъмолчи автомашина учун тўлаган бўнак пулини қайтариб олди
Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига жорий йилнинг 25 июнида оғзаки равишда мурожаат қилган Ёшларобод қишлоғида яшовчи фуқаро Б.Темиров “UMID AVTO LIZING” МЧЖ билан 2019 йилнинг 19 августида NEXIA-3 автомобили сотиб олиш учун 20/F-03-сонли шартнома имзолаганлиги, ана шу шартномага асосан 33 758 266 (ўттиз уч миллион етти юз эллик саккиз минг икки юз олтмиш олти) сўм бошланғич тўловни амалга оширганлиги, лекин унга шу кунга қадар автомобил етказиб берилмаганлиги сабабли орадан бир йил ўтиб, яъни 2020 йилнинг 19 мартида юқоридаги ташкилотга ўртадаги шартномани бекор қилиш ва бошланғич тўлов суммасини пластик картасига қайтариш бўйича ариза билан мурожаат қилган бўлсада, унга номаълум сабабларга кўра пули қайтарилмаётганлигидан шикоят қилганди.
Туман жамияти мутахассислари ушбу масалада ташкилот масъуллари билан боғланиб, амалдаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари, уларга кўра сотувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг мажбуриятлари, истеъмолчининг ҳуқуқлари борасида музокара ўтказганларидан бир кун ўтиб, туман жамиятига телефон орқали боғланган истеъмолчи унинг пули банк пластик картасига тушириб берилганлигини маълум қилиб, жамият ходимларига ўз миннатдорчилигини изхор қилди.
Туман жамиятига юқоридаги ташкилотдан 01.07.2020 йил кунида келиб тушган №101-сонли жавоб хатида маълум қилинишича, истеъмолчидан ҳақиқатдан ҳам 2020 йилнинг 19 мартида ўртадаги шартномани бекор қилиш юзасидан ариза келиб тушган. Лекин мамлакат бўйича жорий қилинган карантин шароитида ташкилотнинг фаолияти маълум муддат тўхтаб қолиши ва асосий фаолиятга май ойининг ўрталаридан киришилганлиги истеъмолчи мурожаатини кўриб чиқилишини бироз чўзилишига сабаб бўлган. Ташкилот ва истеъмолчи ўртасидаги шартноманинг 2.2.3-бандига кўра, мижозга пулни қайтариш 40 (қирқ) иш куни давомида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, 2020 йилнинг 26 июнида мижоз банк картасига пул қайтарилганлиги ҳам маълум қилинган.
Ҳилолдин Гафуров
Фарғона туман ИҲҲҚЖ бош мутахассиси
Post Comment