Фуқаро ҳуқуқи суд орқали тикланди
Юртимизда ҳуқуқий жамият қуриш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар кундан-кунга ўз маҳсулини бериб бормоқда. Сўнгги йилларда суд идораларида фуқаролар томонидан бирорта хўжалик юритувчи субъектдан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб киритилаётган даъволарнинг чуқур ўрганилиб, масала уларнинг фойдасига ҳал этилаётганлиги бунга яққол мисол бўла олади.
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳам ушбу жараёнлардан четда тургани йўқ. Шаҳар жамияти айнан битта истеъмолчи ёки бир неча истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб судларга даъво аризалари киритилмоқда. Биргина мисол. Жорий йилнинг 11 июнь куни Бағдод тумани Қўштегирмон қишлоғида яшовчи фуқаро А. Маннонов шаҳар жамиятига мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 11 январида Бувайда туманида жойлашган “Avto trading credit” МЧЖ билан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан Nexia 3 русумли автомобилни етказиб бериш шартномасини тузганлигини, ушбу шартномага асосан олдиндан жами сумманинг 30 фоизи, яъни салкам 41 000 000 (қирқ бир миллион) сўм миқдоридаги маблағни олдиндан тўлаб берганлигини маълум қилган. Шартномага кўра, тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 60 кун муддатда автомобил фуқарога етказиб берилиши белгиланган бўлсада, орадан олти ой (180 кун) вақт ўтган бўлишига қарамай фуқарога автомобил етказиб берилмаган. Фуқаро “Avto trading credit” МЧЖга бир неча маротаба мурожаат қилиб шартномавий мажбуриятларини бажаришларини, акс ҳолда унинг томонидан тўланган пул маблағларини қайтарилишини талаб қилганлигини, лекин МЧЖ масъуллари унинг қонуний талабларини бажармай келганлигини ҳам билдириб ўтган.
Мурожаат тегишли равишда расмийлаштирилганидан сўнг шаҳар жамияти ходимлари “Avto trading credit” МЧЖ мутасаддилари билан юзага келган ҳолат ва унинг қонуний ечими юзасидан музокараларни олиб бордилар. Лекин ташкилот раҳбарлари тез кунда фуқаронинг талабини қондириш, унинг томонидан амалга оширган тўловларни қайтариш тўғрисидаги ваъдаларини бажармадилар.
Шундан сўнг масала юзасидан даъво аризаси тайёрланиб, Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига тақдим этилди. Суд шаҳар жамияти томонидан киритилган даъво ариазси ва унга илова қилинган ҳужжатларни атрофлича ўрганиб чиқиб, фуқаро фойдасига 40 717 663 (қирқ миллион етти юз ўн етти минг олти юз олтмиш уч) сўм маблағ ундирилиши юзасидан Ҳал қилув қарори чиқарди.
Рустамжон Мараджапов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment