Фуқарога боғлиқ бўлмаган сабаблар билан қолдирилган авиарейс чиптаси пули қайтарилди
Олтиариқ тумани Файзиобод қишлоғида яшовчи О.Шералиев жорий йилнинг июль ойида Фарғона шаҳри Марказий деҳқон бозори ҳудудида жойлашган авиачипталар сотиш шоҳобчасидан 1600000 (бир миллион олти юз минг) сўмга Россиянинг Қозон шаҳрига учиб кетиш учун самолёт чиптасини сотиб олган. Чипта бўйича самолёт 18 август куни учиши лозим бўлган. Лекин белгиланган кун келганда мазкур рейснинг узрли сабаблар билан қолдирилганлиги маълум бўлади. Ҳали авиачипта сотиш шоҳобчасидан маблағини қайтариб ололмаган бўлсада, режалаштирган ишлари сафарни қолдира олмасликни тақозо этганлиги сабабли, фуқаро бошқа транспорт воситалари орқали белгиланган манзилга йўлга чиқиб кетган. Шундан сўнг унинг акаси Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига мурожаат қилиб, авиачипта сотиш шоҳобчасидан фуқарога боғлиқ бўлмаган ҳолатлар сабабли қолдирилган рейснинг чиптасини пулини қайтариб ололмаётганликлари хусусида мурожаат қилган.
Мурожаат тегишли равишда Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида шоҳобча сотувчиси И.Дарвешовга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бўйича истеъмолчининг ҳуқуқлари ва сотувчининг мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилгач, у қолдирилган рейс чиптасининг тўлиқ қийматини истеъмолчига қайтарди.
Рустамжон Мараджапов
Фарғона шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment