Товарда нуқсон чиқавергач, уни алмаштириш бўйича талаб киритилган
Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан истеъмолчи С.Қурбоновнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Веб-сайтига қилган электрон шаклдаги мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда баён қилинишича, истеъмолчи “Гранд” кредит дўконидан Артел маркасидаги идиш ювадиган машина (“Домашняя посудомойка”) сотиб олганлиги, лекин машинанинг сув иситиш функциясини бажариб берувчи механизми тез-тез ишдан чиқиб қолаётганлиги, компаниянинг сервис хизмати мутахассислари ушбу нуқсонни бартараф этиб берганларидан сўнг, маълум вақт ўтгач, яна шу нуқсон келиб чиқаётганлигини билдириб, маҳсулотни мақбул сифатдагисига алмаштирилишида ёки пули қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, “Домашняя посудомойка” идиш ювиш машинаси, истеъмол кредити шартларида, 5 520 000 (беш миллион беш юз йигирма минг) сўмга, пулини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган. Машинада ҳақиқатан ҳам истеъмолчи томонидан билдирилган нуқсон мавжуд. Кафолат муддати доирасида бепул сервис хизмати кўрсатилган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шарт.
Ҳолатга аниқлик киритиш ва бу борада истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида компания вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида истеъмолчининг қонуний талабларини рўёбга чиқарилишига, яъни нуқсонли товарни айни шундай маркали мақбул сифатдаги товарга алмаштирилишига эришилди.
– Мен идиш ювадиган машинани сотиб олганимдан кейин, у бир неча маротаба бузилди. Сервис хизматига айтганимда келиб тузатиб кетишди, лекин яна маълум вақт ўтиб шу нуқсон чиқаверди. Охири маҳсулотни алмаштириш ёки пулини қайтариш масаласида ёрдам сўраб веб-сайтга мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Шундай сўнг Қўштепа туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари менга амалий ёрдам кўрсатишди. Жамият ходимларидан хурсандман, миннатдорчилик билдираман, – дейди истеъмолчи мурожаатини ўрганиш натижалари бўйича туман жамияти раиси номига берган миннатдорчилик хатида.
Бобобек Саидов
Қўштепа туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment