Истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи таъминланмас экан, оддий ҳолатлардан тушунмовчиликлар келиб чиқаверади

Истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи таъминланмас экан, оддий ҳолатлардан тушунмовчиликлар келиб чиқаверади

Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти масъул ходими томонидан шу шаҳарда истиқомат қилувчи Ғ.Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Унда кўрсатилишича, мурожаат эгасининг турмуш ўртоғи ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш учун Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган автомактабга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм пул тўлаб, ҳужжатларини топширган. Лекин ўқиш жараёнлари ҳеч бошланавермагач, улар бизни нега ўқишга чақирмаяпсизлар, деган савол билан масъулларга мурожаат қилганлар ва у ердагилардан ҳужжатлар ҳали автомактабнинг Фарғона шаҳрида жойлашган бош офисига жўнатилгани йўқ, деган жавобни олганлар. Шундан сўнг фуқаро ишонч телефонига мурожаат қилган.

Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида автомактабдагилар билан боғланилганда, улар ҳақиқатан ҳам, фуқаро Ғ.Умаровнинг турмуш ўртоғидан тўлов қабул қилинганлигини, ўқув курсини бошлаш учун эса ўқиш истагини билдирган фуқароларнинг муайян сонидан иборат таркибда гуруҳ шакллантирилиши лозимлиги ва гуруҳ шакллантирилгач ҳужжатлар бош офисга тақдим қилиниб, ўқув курсини бошлаш учун рухсат олиниши бўйича тушунтириш бердилар. Шунинг билан биргаликда, автомактаб масъуллари ҳали гуруҳ шакллантирилиб улгурилмаганлиги ва фуқаронинг гуруҳни шакллантирилишини кутиб туриш истаги йўқлигидан келиб чиқиб, унга тўлаган маблағи қайтарилганлигини ҳам маълум қилдилар.

Шу ўринда, бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдик. Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра, ижрочи ўзи реализация қилаётган иш, хизматлар ҳақида истеъмолчига ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Юқоридаги ҳолатда, автомактаб масъуллари, яъни қонун тили билан айтганда ижрочилар истеъмолчидан тўлов ва ҳужжатларни қабул қилиб олаётганларида, ўқув курсини бошлаш учун ўқувчиларнинг муайян сонидан иборат гуруҳнинг шакллантирилиши асос бўлишини, унга қадар ўқишни бошлай олмасликларини тушунтира олганларида, янаям аниқроқ айтилганда истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи ва ўзларининг маълумот бериш бўйича мажбуриятларини тўлақонли бажара олганларида фуқаронинг юқори идораларга шикоят қилишига ҳожат қолмас ҳам эди.

Шуҳрат Қорабоев
Қувасой шаҳар ИҲҲҚ жамияти раиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin