Нотўғри маълумот зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлган

Нотўғри маълумот зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлган

Қува туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Барака қишлоғида яшовчи Б.Исмоновнинг сотиб олинган сув насосини талаб даражасида ишламаётганлиги борасидаги мурожаати ўрганилди.

Мурожаатда келтирилишича, у сув насосини Раста буюм бозорида жойлашган савдо дўконидан бир йиллик кафолат муддати билан 1 800 000 (бир миллион саккиз юз минг) сўмга сотиб олган. Бироқ уйга олиб келиниб фойдаланиш жараёнида, сув насоси унинг техник характеристикаси талабларида кўрсатилган ҳажмлардаги ишни бажара олмаётганлиги кузатилган. Истеъмолчи мазкур товарни сотувчига қайтариб олиб келиб, ҳолатни тушунтиргач, бошқасига алмаштиришни, бўлмаса пули қайтарилишини сўраган. Сотувчи унинг талабини бажаришга рад жавоб бермаган бўлсада, қонуний талабни бажаришни пайсалга солиб келган.

Амалдаги қонуннинг 7-моддасида товар ҳақида нотўғри маълумот берилиши натижасида зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилиб, ўзига етказилган зарарни қопланишини талаб қилишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган. Демак, юқоридаги ҳолатдан келиб чиқилса, сув насоси истеъмолчига берилган маълумотдаги даражада иш ҳажмини бажара олмаслиги, зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлган, дейишга асос бўла олади.

Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида сотувчига ушбу ҳолатлар ва юзага келган ҳолатда ўзининг мажбуриятларини бажармаслиги ортидан келиб чиқувчи ҳуқуқий таъсир чоралари тўғрисида тушунтиришлар берилгач, сотувчи сув насосини худди шундай маркадаги мақбул сифатдагисига алмаштириб берди. Натижада истеъмолчининг салкам икки миллион сўм пулига куйиб қолишини олди олинди.

Феруза Умурзақова
Қува туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment