Кафолат муддати тугашига бир ой қолганда-я?!

Кафолат муддати тугашига бир ой қолганда-я?!

Олтиариқ тумани Оқбўйра маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб, халқ таълими тизимида меҳнат фаолияти олиб борувчи, Федерация аъзоси Қ.С. нинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатида муддатли тўлов асосида сотиб олинган музлатгичдаги нуқсонлар масаласи кўтарилган эди.

Маълум бўлишича, фуқаро 08.05.2018 йил куни Олтиариқ туман марказида жойлашган якка тартибдаги тадбиркор М.М.дан қиймати 3393200 (уч миллион уч юз тўқсон уч минг икки юз) сўм бўлган музлаткични ҳақини бир йил муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган. Музлаткичга уч йиллик кафолат муддати берилган бўлиб, кафолат муддати тугамасдан унда нуқсонлар кузатилган. Истеъмолчи тадбиркорга музлаткич ишламай қолганлигини маълум қилган. Тадбиркор эса истеъмолчига ўзингиз кўриб сотиб олгансиз, бизда “сотилган товар қайтиб олинмайди”, қабилида муомала қилган. Шундан сўнг истеъмолчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.

Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчи билан амалдаги қонун талаблари асосида суҳбатлашилиб, тушунтириш ва тарғибот ишлари ўтказилди. Суҳбат жараёнида тадбиркор музлатгични 3 йиллик кафолат муддати билан сотилганлигини, истеъмолчи кафолат муддати тугамай туриб, яъни жорий йилнинг апрель ойида музлаткич ишламай қолганлиги ҳақида унга мурожаат қилганлигини тан олди.

Шундан сўнг жамият ходимлари томонидан сотувчига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни тегишли нормалари бўйича тушунтиришлар берилди. Хусусан, қонуннинг 15-моддасига кўра, товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозимлиги, унга келгусида истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашда ана шу ҳолатларга жиддий эътибор қаратиши лозимлиги, акс ҳолда истеъмолчининг қонуний талаби бажарилмай қолган ҳар бир кун учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлашига тўғри келиши каби ҳолатлар атрофлича тушунтирилди. Мурожаатни ўрганиш давомида сервис маркази усталари томонидан музлатгичда юзага келган нуқсон бепул бартараф этилишига эришилди.

Дилобар Дадахонова
Олтиариқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment