Орадаги фарқ тўланиб, нуқсонли товар мақбул сифатдагисига алмаштирилди

Орадаги фарқ тўланиб, нуқсонли товар мақбул сифатдагисига алмаштирилди

Риштон туманида яшовчи фуқаро М.Норинбоев туман марказида жойлашган “Нофелет” савдо дўконидан 230000 (икки юз ўттиз минг) сўм нақд пулга “Максфон” қўл телефони харид қилиб олган. Орадан бир неча кун ўтиб телефоннинг батарейкаси носозлиги маълум бўлади.

Шундан сўнг фуқаро ушбу ҳолат бўйича савдо дўкони сотувчисига нуқсони мавжуд бўлган аппаратни алмаштириш бўйича мурожаат қилади. Лекин сотувчи ушбу телефон аппарати учун бир ҳафталик кафолат муддати белгиланганлигини, бу муддат эса ўтиб бўлганлигини рўкач қилиб, нуқсонли товарни алмаштиришдан бош тортади.

М.Норинбоевнинг онаси воқеадан хабар топиб, ўзи аъзоси ҳисобланувчи Истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат қилишни маслаҳат беради. Истеъмолчи Федерациянинг туман бўлимига мазкур масалада ёзма равишда мурожаат қилади.

Бу ерда шуни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозимки, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра ишлаб чиқарувчи узоқ муддат фойдаланиладиган товарларга кафолат муддати белгилаши лозим, қонуннинг 13-моддасига кўра эса, ўзига нуқсонли товар сотилган истеъмолчи товарнинг кафолат муддати давомида, агар бундай муддат белгиланмаган бўлса 6 ой давомида товар нуқсонлари бўйича ўз эътирозларини билдириб, қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқара олади. Қонуннинг 2-моддасига асосланилса, Қонун ҳужжатлари ушбу Қонунда белгиланган истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини чеклаб қўйиши, уларни ҳимоя қилишнинг кафолатларини камайтириши мумкин эмас. Юқоридаги ҳолатда эса сотувчи томонидан ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган кафолат муддатини камайтириш ёки кафолат муддати белгиланмаган бўлса истеъмолчининг ўз эътирозларини қонуний билдира олиш имконини берувчи муддатлар (6 ой)ни камайтириш ҳолати содир этилмоқда.

Мурожаатни туман жамияти мутахассислари иштирокида ўрганиш жараёнида дўкон масъулларига қонуннинг юқоридаги талаблари тушунтирилди. Натижада истеъмолчининг ҳоҳишига кўра, нуқсонли товар бошқа маркадаги товарга, яъни бошқа маркадаги телефон аппаратига алмаштирилишига ҳамда қонуннинг 17-моддаси талабларидан келиб чиқиб, орадаги фарқни истеъмолчи томонидан тўланиб, мақбул сифатдаги товарга алмаштириб олинишига эришилди.

Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment