Асоссиз қарздорликлар бартараф этиладиган бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қува туман Халқ қабулхонасига Ғалаба маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М.Холматова ва З.Холматовларнинг табиий газ бўйича қарздорликдан норози бўлиб қилган мурожаатлари тегишлилиги бўйича туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганув ишлари давомида мутахассислар газ идораси ходими билан биргаликда истеъмолчи З.Холматов хонадонида бўлганларида хонадон 2004 йилда газлаштирилганлиги, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловлар мунтазам амалга ошириб келинаётганлиги маълум бўлди.
Хонадондаги эски газ ҳисоблаш ускунаси 11598 м3 кўрсаткич билан янги замонавий ускунага алмаштирилиб, далолатнома расмийлаштирилган. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчида қолдирилиб, иккинчиси газ идорасининг компьютер операторларига топширилган. Лекин компьютер операторлари истеъмолчининг шахсий ҳисобварақаларига хатлов киритиш жараёнида юқоридаги кўрсатгични 11598 м3 ўрнига 12060 м3 кўрсатиб базага киритиб юборилши натижасида истеъмолчида 462 м3 га ёки 175 560 (бир юз етмиш беш минг беш юз олтмиш) сўм асоссиз қарздорлик юзага келган.
Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида амалга оширилган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинганда, истеъмолчининг ҳақиқатда 47 320 сўм қарздорлиги мавжуд бўлгани ҳолда, базага ортиқча киритиб юборилган кўрсаткич билан қўшилиб унинг қарздорлиги 222 880 сўмга айланганлиги маълум бўлди.
Яна бир ҳолат. Ушбу ҳудудда яшовчи яна бир фуқаро Х.М. нинг мурожаати ҳам ўрганилиши жаарёнида газ идораси ходимлари томонидан газ ҳисоблаш ускунасининг кўрсатгичи нотўғри киритилиши натижасида истеъмолчида 101 339 сўм асоссиз қарздорлик юзага келганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатлар, яъни истеъмолчиларга нисбатан ҳисобланган асоссиз қарздорликларни бартараф этиш юзасидан туман жамияти томонидан газ идорасига алоқа хати чиқарилди ва ўз навбатида газ идорасидан истеъмолчиларга ҳисобланган асоссиз қарздорликларни бартараф қилинганлиги юзасидан жавоб хати олинди.
Аҳмаджон Тухтабоев
Қува туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment