Томга қоқилган шиферлар ҳеч қанча ўтмай ёрилиб кетди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг республика бўйича ягона 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига Тошлоқ туман Сувбоши маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М. Мирзоабдуллаевдан мурожаат тушган.
Мурожаатчининг айтишига қараганда, у жорий йилнинг май ойида қураётган иморати томони ёпиш учун Марғилон шаҳридаги қурилиш моллари бозоридан жами 6 миллион 200 минг сўмга, ҳар бир донаси 41333 сўмдан 150 та шифер сотиб олган. Аммо шиферларнинг 60 таси томга ўрнатилгандан ҳеч қанча вақт ўтмай ёрилиб кетган. Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига қайта-қайта мурожаат қилишига қарамай, ҳеч қандай натижага эриша олмаган. Шундан сўнг у федерациянинг ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Федерациянинг Тошлоқ туман жамияти мутахассислари юзага келган низоли ҳолатга ечим топиш учун харидор ва савдо дўкони эгаси билан суҳбатлашиб, уларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талаблари бўйича тушунтиришлар бердилар. Якунда сотувчи ушбу ҳолатда қонун истеъмолчи тарафида эканлигини тан олиб, унинг қонуний мурожаатини қондиришга мажбур бўлди. Шу куннинг ўзида 60 та ёрилган шиферлар ўрнига янгилари олиб келиб берилди. Натижада фуқаронинг 2 млн 479 минг 980 сўмлик истеъмолчилик ҳуқуқлари тиклаб берилишига эришилди.
Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment