Нуқсонли кир ювиш машинаси бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди

Нуқсонли кир ювиш машинаси бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилди

Фарғона туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан Хонқиз маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи З.Турдиматованинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ягона ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи ўз мурожаатида 20 ноябрь куни Миндон савдо мажмуасида жойлашган дўкондан ярим автомат кир ювиш машинаси харид қилганлигини, лекин уйга олиб келиб ундан фойдаланиши жараёнида кир ювиш машинасида нуқсон мавжудлигини аниқлаганлигини, нуқсонли товарни савдо дўконига қайтариб олиб келиб, сотувчига алмаштириш талаби билан мурожаат қилганлигини, бироқ унинг қонуний талаби қондирилмаганлигини маълум қилган.

Олиб борилган ўрганишлар давомида сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтиришлар берилди. Хусусан, амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, истеъмолчига нуқсонли товар сотилган тақдирда, у мазкур товарни айнан шундай марка (модель, артикуль)даги товарга алмаштириб берилишини талаб қилиши мумкинлиги, бу ҳолда товар ўринма-ўрин алмаштирилиб, қайта ҳисоб-китоблар ўтказилмаслиги, ёки бошқа марка (модель, артикуль)даги товарга алмаштирилишини талаб қилиши мумикнлиги, бу ҳолда эса қонуннинг 17-моддаси иккинчи қисмига кўра, нуқсонли товар бошқа маркали товарга алмаштириб берилаётганда, агар алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан паст бўлса, истеъмолчи нархлардаги фарқни қўшимча равишда тўлаши лозим, алмаштирилиши керак бўлган товар нархи унинг ўрнига берилаётган товар нархидан юқори бўлса, истеъмолчига нархлардаги фарқ қайтарилиши лозимлиги каби ҳолатлар тушунтирилди.

Олиб борилган тушунтиришлар натижасида ҳамда истеъмолчининг розилиги асосида нуқсонли товар бошқа маркадаги товарга алмаштирилиб, нархлар ўртасидаги фарқ суммаси истеъмолчига қайтарилди.

Одилжон Жунайдуллаев
Фаргона туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment