“ISTE’MOL MADANIYATI” газетаси беш ёшга тўлди

“ISTE’MOL MADANIYATI” газетаси беш ёшга тўлди

Бундан беш йил аввал, 2017 йилнинг 18 январида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси муассислигидаги“ISTE’MOL MADANIYATI” ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий газетасининг нишона сони чоп этилиб, ўқувчилар эътиборига тақдим этилган эди.

Газета илк сониданоқ ўқувчилар, ижодкорлар, матбуот вакилларининг эътибор ва эътирофига сазовор бўлди. Буни ўша даврда юртимизда эса бошлаган матбуот ва сўз эркинлиги эпкини, муассис томонидан берилган ўринли тавсиялар, тажрибали журналист ва ҳуқуқшунослар, дизайнерларнинг нашримизга жалб этилгани билан изоҳлаш мумкин.

Таҳририятнинг профессионал журналистлардан иборат ихчам жамоаси мамлакатимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотлар жараёнини, маънавий-маърифий ўзгаришларни таҳлил этиш, истеъмолчиларни ўйлантириб келаётган муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиш, ОҚИЛОНА ТЕЖАМКОРЛИККА АСОСЛАНГАН ЮКСАК ИСТЕЪМОЛ МАДАНИЯТИНИ тарғиб этишга катта иштиёқ билан киришди. Жамоатчилик назоратининг таъсирчан усулларини татбиқ этишга асосий эътиборни қаратди.

Федерация фаолиятида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоатчиликка федерация фаолиятига доир маълумотларни батафсил етказиш, жойларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлариҳимояси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни мунтазам, тизимли ёритишга эътибор қаратилди.

Таҳририят ўз Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқ:

-долзарб ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий муаммоларга доир таҳлилий мақолалар чоп этиб келмоқда;

– истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базасини ташкил этиш ва истеъмол бозорини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини мунтазам тарғиб этмоқда;

– истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш муаммоларига кенг жамоатчиликнинг эътиборини қаратишга устувор аҳамият бериб келмоқда;

– фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, аҳолининг, биринчи навбатда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришга доир тарғибот мақолаларга катта ўрин берилмоқда;

– Федерация фаолиятида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоатчиликка федерация фаолиятига доир маълумотларни батафсил етказишга эътибор қаратилмоқда. Федерациянингжойларда истеъмолчилар қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, профилактика ва тарғибот ишларини ташкил қилишга оид фаолияти мунтазам ёритиб келинаяпти.

-ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, Федерациянинг давлат ва нодавлат тузилмалар билан ҳамкорлиги кенг ёритилмоқда;

– Ҳуқуқий мавзудаги мақолалар мунтазам бериб борилмоқда, янги қонун ҳужжатларини аҳолининг барча қатламларига тушунарли тарзда етказишга эътибор қаратилмоқда.

Жамоанинг асосий қисмини ҳуқуқий йўналишда ижод қилувчи журналистлар ташкил этгани боис, газетада истеъмолчиларнинг ҳуқуқий ҳимояланиш даражасини оширишнинг таъсирчан механизмларини яратиш, истеъмол товарларининг зарур сифати ва хавфсизлигини таъминлаш муаммоларига бағишланган танқидий таҳлил, амалий таклифларга таянилган мақоларга кенг ўрин берилаяпти.

Газета номи, фаолият мақсадидан келиб чиқиб ҳар бир сонда истеъмол маданиятига доир тавсиялар, маслаҳатлар бериб борилмоқда. Тарғиботнинг таъсирчан усулларидан фойдаланилмоқда.

Газета саҳифаларида миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этувчи мақоларга ҳам муносиб ўрин ажратиб келинаяпти. Хусусан, жамиятда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшиш мақсадида газетанинг ҳар бир сонида ўзбек ва жаҳон адабиётидан сара ҳикоялар эълон қилиб келинаяпти.

Ўйлаймизки, таҳририят жамоаси бундан кейин ҳам умумий маданиятнинг ажралмас қисми бўлган истеъмол маданиятини фаол тарғиб этишда давом этади. Юрт равнақи, халқ фаровонлигига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ижтимоий муаммога ўзининг муросасиз муносабатини очиқ билдиради.

Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жамоасини, Федерация фаолиятини қўллаб-қувватлаб, соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган барча юртдошларимизни табриклаймиз!

 Жаҳонгир САРИМСОҚОВ,

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси

Post Comment