Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишида семинар бўлиб ўтди
Фарғона шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да вилоятдаги бир қатор жамоат бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун семинар ўтказилди. Семинарда вилоят Адлия бошқармаси ва Солиқ бошқармаси масъуллари соҳага оид янгиликлар юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб ўтдилар.
Жумладан, Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Хуршиджон Умаров “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳуқуқий саводхонлик” мавзусида қилган маърузаси доирасида ННТ раҳбар ва масъул ходимлари томонидан ҳуқуқ нормаларини қўллашда, норматив ҳужжатлар талаблари ижросини таъминлашда эътибор қаратишлари шарт бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталиб, бу борада батафсил тушунтиришлар берди.
Солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Азизбек Эркинов Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тўланадиган солиқ турлари, бу борадаги имтиёз ва префенциялар, улар томонидан топшириладиган ҳисоботлар, солиқ соҳасидаги ҳужжат ишларини электрон тарзда юритиш каби масалаларда тушунтиришлар бериб, тадбир ишитрокчиларини қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига аъзолик гувоҳномаларини ҳамда вилоят Жамоат фонди грант ғолибларига сертификатларни топшириш маросими ҳам ўтказилди. ЎзННТМАга аъзолик гувоҳномалари олган ташкилотлар қаторида Федерациянинг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ҳам борлиги қувонарли ҳолдир.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment