Корхонада саноат хавфсизлиги масалалари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди

Корхонада саноат хавфсизлиги масалалари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди

Маълумки, 2006 йилнинг 28 сентябрида Ўзбекистон Республикасининг “Хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. “Фарғонаазот” АЖда ўтказилган матбуот анжумани мазкур қонун талабларининг корхонадаги ижроси масалаларига бағишланди.

Қонуннинг 3-моддасига кўра, саноат хавфсизлиги шахс ва жамият ҳаётий муҳим манфаатларининг хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авариялар ва нохуш ҳодисалардан ҳамда уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик ҳолатидир. Қонуннинг 4-моддасида хавфли ишлаб чиқариш объектлари таснифланган бўлиб, шу моддада кўрсатиб ўтилган талабларга мос келадиган корхона ва объектлар хавфли ишлаб чиқариш объектлари сирасига киритилади. “Фарғонаазот” АЖ шундай корхоналар жумласидандир.

Шунинг билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан 23 моддадан иборат мазкур қонунни амалга оширишга доир чора-тадбирлар ҳам белгиланган (19.05.2020 й. 291-сон).

Хўш, корхонада юқоридаги норматив ҳужжатлар талаблари ижроси қай даражада таъминланмоқда?

Анжуманда сўз олган акциядорлик жамияти бошқарув раиси Абдупатта Туланович Салижанов, иқтисодиёт ва молия бўйича бошқарув раиси ўринбосари Ғуломжон Ғофиржонович Солиев ва бошқа масъуллар томонидан корхонада бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумотлар бериб ўтдилар.

Хусусан, хавфли ишлаб чиқариш объектларини соз ҳолатда сақлаш, уларни хавфсиз эксплуатация қилиш, уларда меҳнат фаолияти олиб бораётган ишчи ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ишчи ва хизматчиларни техника хавфсизлиги қоидаларига, шунингдек турли авариялар ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлганда ўзини тутиш ва ўзгаларга ёрдам кўрсатиш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби йўналишларда билим бериш ва ушбу йўналишда олиб борилаётган бошқа ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Бу борада тайёрланган алоҳида роликни ҳам намойиши ўтказилди.

Матбуот анжуманининг савол-жавоб қисмида оммавий ахборот воситалари вакилларининг кун тартибидаги масалалар ва корхона фаолиятига оид бошқа масалалар юзасидан берган саволларига корхона раҳбар ва масъул ходимлари томонидан атрофлича жавоблар қайтарилди.

Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати

Post Comment