Носоз телевизор янгисига алмаштирилди

Носоз телевизор янгисига алмаштирилди

Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг хизмат телефонига тумандаги Заркент маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нигорахон Ботировадан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда кредит савдо дўкони масъуллари томонидан кафолат муддати ичида юзага келган нуқсонни бартараф этиш чоралари пайсалга солиб келинаётганлиги маълум қилинган.

Аризачининг таъкидлашича у тумандаги “NEW ART HF” МЧЖ кредит савдо дўконидан “VISTA” русумли, экран диагонали 43 дюмли телевизорни 3 524 594 сўмга, нархини бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида сотиб олган. Аммо телевизор кафолат муддати даврида носоз ҳолатга келиб қолган. Бу ҳақида истеъмолчи Н. Ботирова савдо дўкони ходимларига бир неча маротаба хабар бериб телевизорни сервис хизмати орқали таъмирлатиб беришларини сўрашига қарамай узоқ вақт мобайнида унинг талаби қондирилмай келган.

Ариза “ NEW ART HF” МЧЖ кредит савдо дўкони масъуллари ҳамкорлигида ўрганилди. Уларга Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунларининг тегишли моддалари талаблари атрофлича тушунтирилди. Вазият ҳар томонлама ўрганилиб чиқилиши натижасида истеъмолчи томлнидан келтирилган важлар асосли эканлиги маълум бўлди.

Жамиятимиз мутахассислари томонидан олиб борилган сайъ-ҳаракатлар натижаси ўлароқ мурожаатчининг талаби қондирилиб, нуқсонлари аниқланган “VISTA” русумли телевизор ўрнига, экрани диагонали ўлчамлари бир хил бўлган, мақбул сифатдаги “Premier” русумли янги телевизор истеъмолчига етказиб берилишига эришилди.

Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment