Таълим тизими ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича тадбирлар ўтказиб борилмоқда
Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ҳудуддаги 8 ва 27-сонли умумтаълим мактабларида ташкилланган тадбирлар ҳам педагог ходимларни истеъмолчилик ижтимоий ҳаракатида фаол иштирок этишга тарғиб қилувчи тадбирлар сирасидандир.
Ҳар икки тадбир доирасида таълим тизими ходимларига Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар бериб ўтилди. Юртимизда истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати вакили бўлган Федерация ва унинг ҳудудий ижро этувчи органлари фаолияти юзасидан алоҳида маълумотлар бериб ўтилиб, уларни мазкур ҳаракат ишида фаол иштирок этишга чақирилди.
Маълумки, Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳамкорлик юзасидан ҳудудий бирлашма ва халқ таълими бошқармаси ўртасида чора-тадбирлар режаси имзоланган бўлиб, ушбу тадбирларда ҳам уни мактаб жамоаларида амалга ошириш йўл-йўриқлари муҳокама қилиб ўтилди.
Педагог ходимларга истеъмолчилик ҳуқуқлари бузилганда махсус ваколатли давлат идораларига, шунингдек Федерацияга ёзма, оғзаки ва электрон тарзда мурожаат қилиш тартиблари ҳамда бу борада Федерация томонидан истеъмолчиларга яратилган қулайликлар тўғрисида ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди.
Шерзоджон Мизамидинов
Қувасой шаҳар жамияти раиси
Post Comment