Бекор қилинган авиарейс чиптасининг пули фуқаронинг турмуш ўртоғига қайтарилди

Бекор қилинган авиарейс чиптасининг пули фуқаронинг турмуш ўртоғига қайтарилди

Бағдод тумани Говхона қишлоғида яшовчи фуқаро Х.Хосиятов туман марказидаги авиакассадан Россия давлатига учиш учун билет сотиб олади. Лекин ўша вақтларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин чекловлари жорий қилиниб, у чипта сотиб олган авиарейс бекор қилинади. Орадан маълум вақт ўтиб, чекловлар бироз юмшатилиши ортидан фуқарога Россияга бориш учун имконият пайдо бўлади, лекин фойдаланилмаган авиачиптанинг пулини тезда қайтариб олишига кўзи етмаганлиги сабабли, яна бошқа авиачипта сотиб олади ва манзилга учади.

Шу кунларда Федерация ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан фуқароларнинг авиачипталар билан боғлиқ масалалардаги мурожаатлари, уларни ҳал қилиниши натижаларидан хабар топган Хосиятовнинг турмуш ўртоғи Д.Хосиятова ушбу масалада туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб кўришга қарор қилади.

Мурожаатни туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида авиачипта Фарғона шаҳридан Россиянинг Домодедово аэропортига учиш учун 1 550 000 сўмга сотиб олинганлиги ва чиптадан ҳақиқатан ҳам узрли сабаблар билан фойдаланилмаганлиги маълум бўлди. Туман жамияти томонидан авиакасса масъулларига тегишли тушунтиришлар берилиб, истеъмолчининг қонуний талаблари қўйилгач, ушбу маблағни Д.Хосиятовага қайтарилишига эришилди.

Дилорам Мирзаева
Бағдод туман жамияти мутахассиси

Post Comment