Фарғона вилоят судлари томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Фарғона вилоят Маъмурий суди биносида вилоят судлари томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ташкилланди.
Анжуман доирасида вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди раис ҳамда ўринбосарлари томонидан ҳисобот даврида кўрилган жиноят, фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий ишлар таҳлили, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан чиқарилган айблов ҳукмлари, жазо амалиёти, ишларни юқори инстанцияларда кўрилиш аҳволи, оқлов ҳукми, судланганлик ҳолати, шунингдек жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили, ҳуқуқий тарғибот ишлари, жисмоний ва юридик шахслар вакиллари қабули, Меморандумлар ижроси, қонунчиликдаги янгиликлар ҳамда соҳага оид бошқа маълумотлар ҳақида атрофлича ахборотлар бериб ўтилди.
Жумладан, вилоят Маъмурий суди томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 667 та маъмурий ишлар кўрилган бўлиб, шуларнинг 503 таси оммавий низолар билан боғлиқ ишлардан иборат бўлган. Биринчи ярим йиллик мобайнида маъмурий судларда кўрилган ишларда давлат органлари қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ишлар салмоқли улушни эгаллаган. Бу йўналишда кўрилган 302 та ишлардан 141 таси қаноатлантирилган бўлса, жами кўрилган ишларнинг 268 таси ёки 40 фоизи қаноатлантирилган.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ҳисобот даврида 4901 та жиноят ишлари тамомланган. Айблов ҳукмлари бўйича энг кўп қўлланилган жазо амалиёти озодликни чеклаш (жами судланганларнинг 33,1 фоизи) жазоси бўлган. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси судланганларнинг 30,5 фоизи ёки 1151 нафар шахсга нисбатан қўлланилган. 2022 йил бошидан шу кунга қадар умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ ҳукм чиқариш ҳолати қайд этилмаган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан эса ўтган даврда 29249 та фуқаролик ишлари кўриб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12582 тага ортган. Судларда кўрилган ишларнинг катта қисми (73,1 фоизи) битимлар билан боғлиқ низоларга тааллуқли бўлган. Статистик кўрсаткичлар, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан олинганда, бу борадаги ишларнинг 2,3 баробарга ортганлигини кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаби эса кредит ундириш билан боғлиқ даъволарнинг кескин ортганлиги (жорий даврда 18882 та ишлар кўрилган) билан изоҳланади. Шунингдек, кўрилган ишларда оила масалалари (8,8 фоиз), юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлаш (6,3 фоиз) масалаларидаги ишлар ҳам салмоқли улушга эга.
Анжуман давомида соҳада олиб борилган ишлар юзасидан атрофлича маъулмотлар бериб ўтиш баробарида, тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоблар қайтарилди.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment