Аҳолини рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда амалга оширилади

Аҳолини рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда амалга оширилади

Тайёргарлик босқичи аниқ ва сифатли якунига етказилгач, 2023 йилнинг ноябр ойида аҳолини рўйхатга олиш ишлари бошланади. Қарор билан белгиланган шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда — қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга оширилади.

Биринчи усулда рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юриб, сўров ўтказади ва саволлардан иборат варақани респондентларнинг сўзлари асосида тўлдиради. Бунда рўйхатга олиш ишлари беш хил шаклдаги сўровномалар — турар жойнинг хусусиятлари ва унда яшовчилар рўйхати, шахсга оид саволнома, Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган чет эл фуқаролари учун саволнома, аҳолининг айрим тоифаларига нисбатан шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича саволнома ҳамда вақтинча турган жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун назорат варақаси бериш асосида ўтказилади.

Сўровномалар асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг механик ҳаракати, мигратсияси, миллий хусусиятлари, фуқаролиги, таълим даражаси, уй хўжалиги аъзоларининг иқтисодий ҳолати, болалар сонига оид саволлардан иборат бўлади. Яшаб турган хонадонида рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш сўровномаларини тўлдириш уларнинг ўзлари яшаб турган маҳаллаларда ташкил этиладиган инструкторлик участкаларида амалга оширилади. Респондентлар томонидан тақдим этилган шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва уларнинг мазмуни ошкор этилмаслиги рўйхатга олувчи томонидан кафолатланади.

Иккинчи усулда респондентларга қулайлик яратиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Бунда сўровномалар аҳолининг ўзи томонидан махсус дастур орқали тўлдирилиб, белгиланган электрон манзилга жўнатилади.

Мазкур вазифаларнинг бари тизимли тарзда амалга оширилгани ҳолда, рўйхатга олиш орқали республика аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисида ишончли маълумотлар тўпланади. Улар аҳоли сони, таркиби ва тақсимланиши бўйича тўлиқ базани шакллантириш билан бирга, Миллий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, уларда фойдаланиладиган демографик ўзгаришлар тенденсиялари, меҳнат ресурслари жойлашуви ҳамда илмий тадқиқотлар олиб боришда қўл келади.

Алишер Абдуразаков
Фарғона вилояти статистика бошқармаси бўлим бошлиғи

Post Comment