Матбуот анжумани бўлиб ўтди
Фарғона вилоят статистика бошқармасида “Фарғона вилоят статистика бошқармасининг 2022 йил январь-сентябрь ойлари ҳолатига демографик кўрсаткичлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда таъкидландики, Фарғона вилоятида аҳоли сони 01.10.2022 йил ҳолатига 3 млн 594,2 минг кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 57,8 минг кишига ўсган. Шуларнинг 2 млн 220,2 мингини шаҳар аҳолиси, 1 млн 734,0 мингини эса қишлоқ аҳолиси ташкил этади.
Вилоятимиз аҳолисининг 57,0 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилардан иборат бўлса, салкам учдан бир қисми ушбу ёшдан кичик, 11,9 фоизи эса меҳнатга лаёқат ёшидан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Вилоят аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги (01.01.2022 й. ҳолатига) 74,5 ёш бўлиб, бу кўрсаткич эркакларда ўртача 72,5, аёлларда 76,5 ёшни ташкил қилмоқда экан.
Вилоятда ҳар бир квадрат километрга тўғри келадиган аҳоли сони ўртача 585 киши бўлиб, аҳоли энг зич жойлашган ҳудуд Қўқон шаҳридир (7 109,1). Ёзёвонда эса аҳоли зичлиги бир квадрат километрга 286,3 кишига тўғри келмоқда.
Йил бошидан шу кунга қадар туғилган 74,1 минг нафар чақалоқларнинг 1 333 таси эгизаклар (2 нафар эгизак).
Ўлим ҳолатларининг 60,8 фоизи қон айланиш тизими касалликлари билан боғлиқ, бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишдан ўлим ҳолатининг қайд этилиши жамига нисбатан 6,5 фоизни ташкил қилган.
Йил бошидан буён 21 мингта никоҳлар расмийлаштирилиб, 4 мингта никоҳдан ажралишлар қайд қилинган.
Анжуман давомида бошқарма раҳбар ва масъул ходимлари томонидан статистик кўрсаткичлар бўйича ахборотларни тақдим қилиш баробарида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар ҳам қайтарилди.
Ҳудудий бирлашма Ахборот хизмати
Post Comment