Иситиш тизими қозони янгисига алмаштирилди

Иситиш тизими қозони янгисига алмаштирилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан шаҳарнинг Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Р.У.нинг кредит шартларида сотиб олган янги хонадондаги иситиш тизимида носозлик юзага келганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Фуқарога кўра, улар томонидан кредит шартларида харид қилинган янги хонадонда яшаш ва хонадондаги иситиш тизимидан фойдаланиш жараёнида тизимни иссиқлик билан таъминлайдиган иситиш қозони бузилиб қолган. Фуқаро ушбу муаммо бўйича тўғридан-тўғри қурилиш фирмаси раҳбари ва иситиш қозонига кафолат берган ишлаб чиқарувчининг вакили (сервис маркази ходимлари)га мурожаат қилган. Лекин улар томонидан фуқаронинг қонуний талабларини ўрганиб чиқилиб, ҳал қилиш масаласи чўзиб юборилган. Шундан сўнг у ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб, Марғилон шаҳар жамиятига мурожаат қилган.

Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, истеъмолчи узоқ муддат фойдаланиладиган товарда кафолат муддати ичида юзага келган нуқсонни бепул бартараф этилишини, нуқсонли товарни мақбул сифатдагисига алмаштирилишини талаб қилиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларга эгадир.

Истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида шаҳар жамияти мутахассислари қурилиш фирмаси раҳбари ҳамда сервис хизматини кўрсатувчи масъуллар билан учрашиш асносида амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилиши ортидан, истеъмолчи хонадонидаги 6 млн 780 минг сўмлик иситиш тизими қозони янгисига алмаштириб берилди.

Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

(иллюстратив расм)

Post Comment