Кафолат талонига муҳр бостириб олишни унутмадингизми, харидор?
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида шаҳарнинг Истиқлол кўчасида яшовчи Т.Володинанинг Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Мурожаатчининг маълум қилишича, у “Ҳамроҳ” савдо тармоғидан “AUX” русумли кондиционер сотиб олади. Хонадонга ўрнатилиб ишга туширилган кондиционер бир неча кун ишлагандан сўнг унинг фреон суюқлиги оқиб кетган. Бундан кейин эса, албатта, кондиционер яхши ишламай қолган. Юзага келган ҳолат юзасидан сервис марказига мурожаат қилганида эса улар истеъмолчининг буюртмасини қабул қилмаганлар. Бунга сабаб қилиб, харид қилинган кондиционернинг кафолат талонига сотувчи томонидан муҳр босиб берилмаганлиги кўрсатилган.
Маълумки, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларда фойдаланиш йўриқномаси билан биргаликда кафолат талони ҳам бўлади. Олди-сотди амалга оширилгач, ана шу талонга сотувчи томонидан товар харид қилинган кун кўрсатилиб, имзо ва муҳр қўйиб берилади. Хўш, бунинг нима аҳамияти бор дерсиз?
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларнинг кафолат муддати товар истеъмолчига сотилган кундан бошлаб ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган. Агар товар сотилган кунни аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу муддат товар ишлаб чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Энди эътибор қилинг: Сиз 2022 йилнинг ёз ойларида савдо дўконидан 2021 йилда ишлаб чиқарилган музлатгични бир йиллик кафолат муддати билан сотиб олдингиз. Қўлингиздаги товар билан қўшиб берилган ҳужжатлари ичидаги кафолат талони қисмига сотувчи товарни сотиб олган кунни қўйиб, имзо ва муҳр босиб беришни унутди (Сиз ҳам бунга эътибор қаратмадингиз ёки бу тартибдан умуман бехабар бўлишингиз мумкин). Лекин орадан олти ой ўтиб, яъни 2022 йилнинг декабр ойларига келиб товарда нуқсон борлиги маълум бўлиб, сиз кафолат муддати ичида товарни бепул таъмирлатиш мақсадида сервис марказига мурожаат қилдингиз. Сервис марказида эса кафолат талонида муҳр йўқлиги сабабли, Сиздан товарни 2022 йил ёз ойларида сотиб олганлигингизни исботлашингизни талаб қилишлари мумкин, Агар исботлай олмасангиз, товарнинг кафолат муддати 2021 йилдан, яъни ишлаб чиқарилган санасидан бошлаб саналиб, унинг кафолат муддати ўтиб бўлган деб ҳисобланади ҳамда Сиз нуқсонли твоарни бепул таъмирлатиш имкониятидан маҳрум бўласиз.
Тўғри, истеъмолчи Т.Володинанинг мурожаатини ўрганиш давомида сотувчи билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, у харид қилган кондиционернинг кафолат талонига савдо амалга оширилган кун тўғрисида маълумот қўйилиб, имзо ва муҳр бостириб берилди ва ўз-ўзидан сервис марказида унга бепул сервис хизматлари кўрсатилди. Лекин истеъмолчиларимиз узоқ муддат фойдаланиладиган твоар арид қилаётганларида юқорида билдирилган фикрлар ва уҳқонун талабларини ҳам унутмасалар мақсадга мувофиқ бўлар эди, албатта.
Саидхон Хапизов
Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
(иллюстратив фото)
Post Comment